Билимли, жисмонан етук ва фидойи
  • 21 Февраль 2017

Билимли, жисмонан етук ва фидойи

Қуролли Кучларимиз сафларига ана шундай ўғлонлар жалб этилмоқда.

Миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни Ватанга муҳаббат, бурчга масъулият руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди. Шу боис бугун ўғлонларимизнинг ҳарбий хизматга қизиқиши ва иштиёқи юксак.

Бу Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги қарорига мувофиқ, жойларда танлов асосида саралаб олинган йигитларни -муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимларида яққол намоён бўлмоқда. 

Хусусан, Фарғона шаҳридаги “Марғилонсой” мажмуасида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда юртимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ этиш, унинг мудофаа қудрати ва жанговар салоҳиятини ошириш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ҳамда халқимизнинг тинч, осуда ҳаётини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. 

Йигитнинг улғайиши, камолга етиши ҳар қандай ота-онага чексиз қувонч бағишлайди. Мард ва жасур ўғлонларимиз эса -юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашдан фахру ифтихор туядилар. 

— Ўтган йили Бувайда педагогика коллежини тамомладим,  — дейди Дилшод Иброҳимов. — Мана, болаликдаги орзуим -амалга ошди. Эгнимга аскарлик либосини кийдим. Зиммамдаги вазифани аъло даражада ўтаб, келгусида офицер  бўлмоқчиман. 

— Набирам Жасурбек Холмуродов саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтди, — дейди Тошлоқ туманида яшовчи меҳнат фахрийси Холмурод Эргашев. — Сафда мағрур туриши, шахдам қадам ташлашини кўриб, унинг келажагидан хотиржам бўлдим. Муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб, юртга муносиб фарзанд бўлишига ишонаман. 

Андижон вилоятида ҳам йигитлар Қуролли Кучларимиз сафларига тантанали равишда кузатилмоқда.

Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги майдонда ўтказилган маросим чинакам шодиёна тусини олди. Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, ёшлар жам бўлишди.

Тадбирда қайд этилганидек, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлов асосида саралаш жараёнида уларнинг жисмоний тайёргарлиги, ихтисослиги, ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириш қобилиятига алоҳида аҳамият қаратилди. Бу эса миллий армиямиз сафларини ҳар жиҳатдан етук ўғлонлар билан тўлдириш имконини бераётир.

Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Шарифахон Исмоилова билан суҳбатлашганимизда, у ўғли Билолиддинга ҳарбий либос жуда ярашганини тўлқинланиб сўзлади. Ўз навбатида, навқирон авлодга яратилаётган беқиёс имкониятлар учун давлатимиздан миннатдорлигини изҳор қилди. 

— Муддатли ҳарбий хизмат фарзандимнинг эзгу мақсадлари рўёби йўлидаги илк қадамдир,  — дейди онахон. — Унинг ўз йигитлик бурчини намунали ўтаб, армиядан ёруғ юз билан қайтишига ишонамиз.

— Ушбу тадбирнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги майдонда ўтказилишида рамзий маъно бор, — дейди Бекзодбек Бегматов.  — Негаки, шундай буюк аждодларимиз бор! Биз, ёшлар улар билан фахрланишимиз, хайрли ишлари, Ватанга муҳаббату садоқати, жасорату матонатидан ибрат олишимиз лозим.

Тантанали кузатиш маросимларида Ватан ҳимоясига шайланган йигитларга ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари муваффақият тиладилар.

Тадбирлар ниҳоясида юрт посбонларига маҳаллий ҳокимликларнинг эсдалик совғалари топширилди. 

Элёржон  ЭҲСОНОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn