Соғлом авлод — давлат ва жамият таянчи
  • 19 Февраль 2017

Соғлом авлод — давлат ва жамият таянчи

Бугун мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кечаётган ўзгариш ва янгиланишлар, хусусан,  2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишига асосланган Ҳаракатлар стратегияси турли соҳалардаги мавжуд камчилик ва муаммоларнинг оқилона ечимини топиб, инсонпарварлик, адолат тамойиллари устуворлигини таъминлаш, эркин фуқаролик жамиятини равнақ топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Стратегияда ўсиб келаётган авлодни жисмонан соғлом, руҳий ҳамда интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий позицияга эга, Ватанга содиқ қилиб тарбиялаш, болалар ва навқирон авлод вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ҳамда спортга кенг жалб этиш ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришнинг муҳим мезони сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, маданият ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлади.

Чиндан ҳам, миллат маънавий қиёфасини, ижодий салоҳиятини ёрқин акс эттирувчи маданият, санъат ҳамда спорт ривожи жамият тафаккурининг ўсиши билан боғлиқ жараёндир. Мустақиллик йилларида барча соҳада изчил тараққиёт тенденцияси кузатилгани, халқимизнинг моддий фаровонлик даражаси ошгани, онгу тафаккури юксалгани миллий маданият ва санъатимиз тикланишида,  жисмоний ҳамда маънавий -баркамол инсонларни тарбиялашда сезиларли роль ўйнади.

Кези келганда айтиш керакки, спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш давлат ва жамият олдидаги энг асосий вазифалардан бирига айланди. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ қилиниб, ёш авлод ўртасида спортга қизиқиш ва интилишни ошириш, шу орқали миллат генофондини яхшилаш, халқаро майдонда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тайёрлаш йўлида комплекс чора-тадбирлар олиб борилмоқда. 

Бугун вакилларимизнинг Олимпия ҳамда Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, шунингдек, бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда залворли ютуқларни қўлга киритаётгани, юртимиз ёшлари спортдаги салоҳияти, кенг имконияти жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани бежиз эмас, албатта. Эътиборлиси, халқимизда спортга муносабат тубдан ўзгарди.

Ота-оналар ўз фарзандлари камолотини спорт билан боғлиқ ҳолда кўраётгани, ўғил-қизларини спорт секцияларига олиб бораётгани бунинг исботидир. Ўз навбатида, ўтган йилларда шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий меъморий ечимга, моддий-техника базага эга спорт объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда юртимизда 296 та болалар ва ўсмирлар ҳамда республика даражасидаги спорт мактаби, 51 мингга яқин спорт мажмуалари, стадионлар мавжуд. Уларда минглаб болалар олтмишга яқин спорт турлари бўйича маҳорат сирларини ўрганмоқда. 

Бироқ шиддатли замон талаблари ортиб бораётганини инобатга олсак, шу натижалар билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Аҳоли кенг қатлами ўртасида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни оммалаштириш ишларини кучайтириш, спорт иншоотларидаги шарт-шароитларни янада яхшилаш, болалар, айниқса, қизларни спортга ошно этиш ҳамда шу орқали улар саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидорли ва истиқболли спортчилар билан ишлашни такомиллаштириш, мазкур соҳада малакали кадр-ларни тайёрлаш, давлатлараро ҳамда халқаро алоқаларни кенгайтириш зарур. Ушбу долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш, биринчи навбатда, спорт соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини кескин оширишни тақозо этади.

Президентимизнинг мазкур Фармонига кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилиб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилаётгани мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, битта вазирликда маданият ва спорт каби иккита кўп қиррали,  мураккаб соҳанинг бирлаштирилиши ўзини оқламай қолган эди. 

Фармонда ушбу янги тузилмаларнинг тегишли соҳаларда давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича вазифа ва фаолият йўналишлари аниқ белгилаб берилдики, бу ҳам бўлса, маданият ҳамда спорт соҳасида юзага келган салбий ҳолатларни бартараф этиб, халқимиз, ёш авлоднинг жисмоний ва ижодий фаоллиги ортишига, Ўзбекистоннинг санъат ва спорт дунёсида нуфузи тобора юксалишига замин яратади.

Умуман, соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялашдек миллат тақдири ва келажагига дахлдор муҳим масалага янада масъулият билан ёндашиш вақти келди. Шу маънода, қўмитамиз томонидан спортни аҳоли ўртасида оммалаштириш, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни жадаллаштириб, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини қатъий ҳамда самарали олиб бориш чоралари кўрилади. Зеро, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш орқали ҳар -томонлама етук авлодни камолга етказамиз, муҳими, келажагимиз пойдеворини янада мустаҳкамлаймиз. 

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг 

Фан, таълим, маданият ва 

спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn