Аҳоли билан мулоқот ва амалий тажриба
  • 19 Февраль 2017

Аҳоли билан мулоқот ва амалий тажриба

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, академиянинг профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари ва журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя асосида барча соҳани тубдан такомиллаштириш, одамлар дуч келаётган турли бюрократик тўсиқлар ва маиший муаммоларни кечиктирмай бартараф этиш, қонунларнинг ижро механизмини янада кучайтириш, бунда вакиллик органларининг, қатор вазирлик ҳамда идораларнинг, маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари қизғин тус олаётгани таъкидланди. Бинобарин, бу жараён Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кўзда тутилаётган мақсад ҳамда вазифалар билан уйғундир.   

Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10 — 12 кун давомида бир туманда бўлиб, одамлар билан очиқ мулоқот ўтказиши, мавжуд муаммоларни пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда хулосалар бериши, масъул раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартиби жорий этилгани айни -муддао бўлди. Бу, албатта, парламент назоратининг самарали амалга оширилишида, қонунчилигимиз ва унинг ижро механизмидаги бўшлиқларни аниқлаб, ечимини топишда муҳим ўрин тутади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг 1 — 10 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда аҳоли билан учрашиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яқиндан ўргандилар. Аниқланган муаммо ва камчиликлар тегишли халқ депутатлари туман ҳамда шаҳар Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинди. Эътиборлиси, мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари ҳам иштирок этди.

Давра суҳбатида халқ вакиллари билан биргаликда жойларда бўлган тингловчилар ижти-моий-иқтисодий муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг ечими борасида ўзаро фикр алмашдилар. 

— Бугун одамлар ичига кириб бориб, турмуш шароити билан танишиш, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимига кўмаклашиш, давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан яхшилаш, пировардида ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир, — дейди академия тингловчиси Соатмурод Қулмирзаев.

— Депутат ва сенаторлар билан биргаликда тегишли тартибда шаҳар ҳамда туманлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини яқиндан ўрганганимиз биз учун катта ҳаётий тажриба бўлди. Хусусан, ўн кун мобайнида Денов туманида бўлиб, мактаб ва -мактабгача таълим муассасаларига, юздан ортиқ оилаларга бордик. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида қатнашдик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, одамлар дуч келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг аксариятига туман ва вилоят миқёсида ечим топиш мумкин. Албатта, ушбу амалиёт давомида орттирилган тажриба ҳамда хулосалар илмий изланишларимизда, келгусида жойларга бориб, меҳнат фаолиятимизни амалга оширишимизда асқатади.     

Тадбирда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда давлат хизматчиларининг ўрни, Давлат бошқаруви академияси тингловчилари олдида турган вазифалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn