«Олтин қалам»: Ижодий изланиш ва рағбат
  • 19 Февраль 2017

«Олтин қалам»: Ижодий изланиш ва рағбат

Кеча Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида “Олтин қалам” XII Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан таъсис қилинган, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, “Uzreport” ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад миллий ва халқаро журналистика ютуқларини оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фуқаролик позициясини намоён қилиши учун шароит яратиш, журналистларда танқидий фикрлаш ҳамда ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантиришдан иборат.

Танлов телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади.

Унда 13 та — битта бош миллий мукофот, ҳар бир номинация бўйича учтадан мукофот ҳамда “Энг яхши фоторепортаж”, “Энг яхши матбуот хизмати” рағбатлантирувчи номинациялари таъсис қилинган. Йиғилишда шулар ҳақида маълумотлар берилиб, жорий этилган янгиликлар хусусида ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, бу йил илк бор “Оммавий ахборот воситаларида китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун” ва “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.  

Таъкидлаш жоизки, “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танлови нуфузи йилдан-йилга  ошиб бормоқда. 2006 йилда ўтказилган танловда 136 нафар журналист 1669 та ижодий иши билан қатнашган бўлса, 2016 йилда 510 ижодкор 8500 га яқин материалларини тақдим қилди. Шу вақтга қадар танловда 5500 дан зиёд журналистларнинг 80 мингга яқин ижодий ишлари кўриб чиқилган. Умуман, ўтган ўн битта кўрикда жами 237 журналист ғолиб ва совриндор бўлди.

Йиғилишда “Олтин қалам” XII Миллий мукофоти халқаро танловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, ташкилий қўмита ва унинг ишчи гуруҳи таркиблари ҳамда иш режаси муҳокама қилиниб тасдиқланди. Шунингдек, танлов ғолибларига мукофотларни топширишга бағишланган тантанали маросимни уюштириш билан боғлиқ масалалар ҳақида ҳам фикр юритилди.

Анжуманда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам ўз номинациялари билан қатнашаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, “Олтин қалам” Миллий мукофоти доирасида бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан мукофотлар топширилиши режалаштирилган. 

Бу галги танловда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳам илк бор ўз номинациялари билан иштирок этади. Элчихона вакилларининг айтишича, жорий йилда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлади. Шу муносабат билан элчихона “Олтин қалам” 

XII Миллий мукофоти халқаро танловида учта номинация бўйича ижодкорларни рағбатлантиради.

Танлов ғолиблари 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида тақдирланади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn