Тадбиркорларга янги имтиёз ва имкониятлар
  • 19 Февраль 2017

Тадбиркорларга янги имтиёз ва имкониятлар

Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона -комплексида Тошкент авиация транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ташкил этилган очиқ мулоқотда шулар хусусида сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бизнес вакилларига божхона соҳасида янги қулайлик ҳамда имкониятлар яратди. Буни маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида тадбиркорларга имтиёзлар берилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, бугунги кунда ишбилармонлар экспорт шартномалари тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали киритмоқдалар. Бунинг учун электрон рақамли имзодан фойдаланиб, ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига уланиш кифоя. Жорий йилнинг 10 февралигача тадбиркорларнинг 16 та экспорт шартномаси ҳамда битта қўшимча битими электрон шаклда рўйхатдан ўтказилди.

Мулоқотда бизнес соҳаси вакилларига янада кенг қулайлик яратиш учун “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан бошқармаларда фуқаролар қабулхоналари ташкил этилгани ҳам айтиб ўтилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиб -келаётган “Dentafill Plyus” фармацевтика корхонаси фаолияти билан танишди. Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани бугунги кун талаби даражасида ривожлантиришда дастуриламал бўлмоқда. Ҳозирги пайтда уч юз нафардан зиёд ходимлар меҳнат қилаётган корхонада 150 турдан ортиқ дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилиб, экспорт қилинаётгани ҳам ана шундан далолатдир.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn