Туризмни ривожлантириш — долзарб вазифа
  • 14 Февраль 2017

Туризмни ривожлантириш — долзарб вазифа

Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси барча соҳани қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Аввало, унда давлатимиз раҳбарининг сайловолди жараёни, жамоатчилик, -ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳалар юзасидан билдирган фикрлари ўз ифодасини топган. 

Хусусан, ушбу тарихий аҳамиятга эга ҳужжатда иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналиши бўйича миллий валюта ҳамда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Туризмни жадал ривожлантириш назарда тутилаётганлиги ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга. Чунки сайёҳларга хизмат кўрсатишдан тушадиган валюта мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилади. Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам -сайёҳликни ривожлантириш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилган бўлиб, улар бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Айтиш керакки, туризм индустрияси деганда, туристик ресурслардан унумли фойдаланиш ва хизмат кўрсатадиган инфратузилмани юқори савияга олиб чиқиш назарда тутилаётир. Масалан, замонавий меҳмонхоналар қуриш, сайёҳларга қўшимча шарт-шароит яратиш, туристик шохобчаларни янада кенгайтириш, туроператорликни ривожлантириш, меҳмонхона ҳамда ресторан хизматларини халқаро талаблар даражасига етказиш, экотуризмни изчил йўлга қўйиш учун табиий иқлим имкониятларидан кенг фойдаланиш, тарихий ёдгорликлар ва обидаларни қайта таъмирлаб, чет эллик ҳамда маҳаллий саёҳатчиларни уларга жалб этиш, туристларга транспорт, таржимонлар ва экскурсоводлар хизматлари кўрсатишни яхшилаш ҳамда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш каби йўналишлар тармоқ тараққиётида муҳим ҳисобланади.

Мазкур жабҳада профессионал туризм ибораси қўлланилади. Бу иш юзасидан ёки даволаниш учун келадиган чет элликларга ҳам саёҳатчи сифатида қаралади ва уларга кўрсатиладиган хизматлар туризм экспортига киради, деганидир. 

Ҳозирги вақтда туристик компаниялар учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг сифат даражасини кўтариш, экспорт хизматини кўпайтириш орқали валюта тушумини ошириш, туристик компаниялар хизматидан тушаётган валюталардан унумли фойдаланиб, соҳани янада ривожлантириш бугунги кундаги долзарб вазифалардандир. Уларни муваффақиятли амалга оширишимизда Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ўктам ХЎЖАЁРОВ, 

Қарши шаҳридаги 

«Nasaf-travel» туристик компанияси 

бош директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn