Хива дунёнинг энг гўзал шаҳарлари қаторига киритилди
  • 14 Февраль 2017

Хива дунёнинг энг гўзал шаҳарлари қаторига киритилди

Сўнгги вақтларда жаҳоннинг, айниқса, Европанинг қатор босма ва электрон нашр-ларида юртимиз сайёҳлик имкониятлари, тарихий шаҳарлари ҳақида туркум мақолалар чоп этилмоқда.

Ана шундай материаллардан бири яқинда Буюк Британиянинг дунёга машҳур “The Telegraph” нашри сайтида эълон қилинди. “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида бориб кўриши керак бўлган 35 шаҳар” номли мақолада Буюк Ипак йўлидаги, шунингдек, Африка, Европа, Жанубий ва Шимолий Америкадаги энг гўзал шаҳарлар рўйхати келтирилиб, улар ҳақида машҳур ёзувчи ҳамда сайёҳлар томонидан берилган таърифу тавсифлар илова қилинган.

Фахрланарли жиҳати шундаки, ана шу рўйхатга юртимизнинг Хива шаҳри ҳам киритилган бўлиб, бунга “The Telegraph” газетаси мухбири, сайёҳ Крис Мосс тавсияси асос қилиб олинган. У мамлакатимизга 2014 йилда амалга оширган ташрифи чоғида -орттирган таассуротларини баён этар экан, “Хива шаҳридаги ёдгорликлар Буюк Ипак йўлининг Марказий Осиёдаги туристлар севадиган Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидагидан сира қолишмайди”, дея алоҳида таъкидлайди.

Дарҳақиқат, Хоразмда тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар жуда кўп ва улар сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда. Масалан, Ичан-қалъа мажмуаси халқимиз тарихи, маданияти, илм-фани, қадимий меъморлик ҳамда ҳунармандлик анъаналарини мужассам этган. У инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. 2016 йилда Ичан-қалъага 75 мингга яқин кишилар, жумладан, 84 мамлакатдан 34 минг нафар турист келган. Ўтган йили хорижлик сайёҳларга кўрсатилган хизматлар экспорти 2013 йилдагига нисбатан 20 фоиз ошган.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз яқинда Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳудуднинг туризм борасидаги салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, янги йўналишлар ташкил этиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, меҳмонхоналар ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини қайд этди. Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо қилиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади. Шаҳарнинг туризм жозибадорлигини ошириш мақсадида сайилгоҳ кўчалар ташкил этиш ва кечки сайр имкониятини яратиш, уларда миллий урф-одатларимиз ҳамда кўнгилочар дастурларни намойиш қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан суҳбатда тармоқда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш хусусида сўз борди. Буларнинг барчаси, албатта, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини юксалтиришга катта туртки беради.

“The Telegraph”да келтирилган 35 шаҳар қаторидан Париж, Санкт-Петербург, Рио-де-Жанейро, Венеция, Эдинбург, Гавана ҳам ўрин олган.

Маълумот сифатида айтиш жоизки, “The Telegraph” нашри 1855 йилда Лондонда ташкил этилган. Газета кунига 460 мингдан ортиқ нусхада чоп қилинади. Ундаги материалларни, шунингдек, интернетдаги расмий сайти ва мобиль иловаси орқали 4 миллиондан зиёд киши ўқиб боради.

Ш. ОРТИҚОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn