Маҳалла билимдонлари аниқланди
  • 14 Февраль 2017

Маҳалла билимдонлари аниқланди

“Маҳалла” фонди томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Қадриятлар -бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида ўтказилган “Маҳалла — менинг тақдиримда” танловининг Жиззах вилояти босқичида 13 жамоа қатнашди.

Тадбирда юртимизда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг жамият ҳаётидаги иштироки, вазифа ҳамда ваколатлари доирасини кенгайтириш борасидаги ислоҳотлар юксак самара бераётгани таъкидланиб, ёшларнинг баркамол бўлиб улғайишида маҳалланинг ўрни, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигининг аҳамияти тўғрисидаги лавҳалар намойиш этилди. 

Якунда Жиззах шаҳри “Сайилжойи” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

— Тайёргарлик жараёнида юртимизда маҳалла ободончилиги борасида олиб бори-лаётган ислоҳотлар билан атрофлича танишдик, — дейди ғолиб жамоа сардори Жаҳонгир Нормаматов. — Маҳалламиз ҳақидаги қизиқарли маълумотларни намойиш этдик.

Кўрик-танловнинг Наманган вилояти босқичида 12 та фуқаролар йиғини жамоалари аъзолари маҳалла институти тарихи, қонунчилик асослари, ўзлари истиқомат қилаётган маҳалланинг ўзига хос турмуш тарзи, қадрият ва анъаналарини тарғиб этиш борасидаги нуқтаи назарларини баён қилди. Улар “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича баҳслашдилар. Айни чоғда “Маҳалла — менинг тақдиримда” мавзуидаги ёзма ишларида ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан комил инсон бўлиб етишишларида маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини очиб беришди.

— Ҳудудимизда яшаётган ўғил-қизларнинг ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда, — дейди Чуст туманидаги “Сарқамиш Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Меҳринисо Эрназарова. — Бунда, албатта, улар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, “Ораста қизлар” клуби фаолияти, маҳалла, таълим муассасаси ва оила ҳамкорлиги мустаҳкам йўлга қўйилганлиги алоҳида аҳамият  касб этмоқда. Маҳалламиз шарафини ҳимоя қилган “Умид” жамоаси аъзолари етарлича билимга эга эканлигини кўриб, мамнун бўлдик.

Танловда Янгиқўрғон туманидаги “Поромон” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси муваффақият қозонди. 

Сурхондарё вилояти босқичида 14 та фуқаролар йиғини жамоалари 3 та шарт асосида беллашди. 

— Танловда ҳудуддаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ўқувчиларидан иборат жамоалар қатнашди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими раиси Ўрол Тошбоев. — Мазкур танлов маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ёшлар иқтидор ҳамда қобилиятларини намоён этишида ҳам янги имконият, эркин фикр ва ўзаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани эътирофга лойиқ. 

Термиз туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолиб бўлди. 

Танловнинг Тошкент шаҳар босқичида таъкидланганидек, ёшларнинг бўш вақтини -мазмунли ташкил этиш, уларда мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлик даражасини юксалтириш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштиришда маҳалланинг ўрни -ортмоқда. Бу кўрик-танловда қатнашган 

11  фуқаролар йиғини жамоалари аъзолари томонидан ҳам атрофлича кўрсатиб берилди.

ўолиблик Шайхонтоҳур туманидаги “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини билимдонлар жамоасига насиб этди.

— Бундан жуда мамнунмиз, — дейди ғолиб жамоа сардори Шаҳло Акрамова. — Тайёргарлик жараёнида маҳалла институтини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва соҳа қонунчилигининг мазмун-моҳияти ҳамда ўзимиз яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини бой тарихи билан атрофлича танишдик. Танловда намунали фуқаролар йиғинларининг илғор иш тажрибаси билан ўртоқлашишдан ташқари, янги дўстлар орттирдик. 

Қашқадарё вилояти босқичи Қарши шаҳрида байрамона руҳда ўтказилди.

Унда 14 та жамоа ўзаро баҳс олиб борди.

Қизғин кечган кўрик-танлов натижаларига кўра, Шаҳрисабз туманидаги “Боғибаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

— Маҳалла тизимига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳудудимиз тарихи, аҳолининг ўзига хос турмуш тарзи, қадрият ва анъаналари билан боғлиқ билимларимизни мустаҳкамладик, — дейди ғолиб жамоа сардори Сунбула Нуриддинова. — Муҳими, танловда буларни атрофлича кўрсатиб бердик. Бундан кейин ҳам бу борадаги билимларимизни янада ошириб борамиз.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn