Илҳом ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи:
— Истиқлолнинг илк йиллариданоқ юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Пировардида профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик -отрядлари қайта ташкил этилди. Шуларга мос равишда ички ишлар органлари моддий-техника базаси изчиллик билан мус-таҳкамланмоқда.
Президентимиз томонидан ушбу ютуқлар эътироф этилгани ҳолда, айрим камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилдики, бу биздан янада фаолроқ бўлишни талаб этади. Хусусан, жойларда тизим ходимлари фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлаётгани, мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаётгани ҳамда қасддан тан жароҳати -етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаётгани танқид қилинди.
Мамлакатимиз раҳбари ишни бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берди. Бундан ке-йинги фаолиятимизни шу асосда ташкил қилсак, халқимизнинг ишончини оқлаган бўламиз.
Улуғбек СОЛИЕВ, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани ИИБ профилактика катта инспектори, “Шуҳрат” медали соҳиби:
— Жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, унинг олдини олиш муҳим ва айни чоғда самаралидир. Узоққа бормайлик, бугун профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби институтлар тинч-осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шуларга қарамасдан, олдимизда турган долзарб вазифалар жуда кўп. Буни давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлагани ҳолда, профилактика инспекторлари фаолиятини янада кучайтириш билан боғлиқ илғор ғоя ҳамда таклифларни илгари сурдики, бу биз учун айни муддао бўлди. Масалан, милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторлари турмуш шароитини яхшилаш юзасидан билдирган фикрлари барчанинг кўнглидаги гап бўлди.
Айни чоғда Президентимиз ҳафтанинг пайшанба кунини “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” деб эълон қилишни таклиф этди. Шу куни ҳудудлар прокурорлари ҳамда ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий -телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот бериб боради. Шунинг ўзиёқ фаолиятимиз самарадорлигини оширади ҳамда ички ишлар идораларини халқимизга янада яқинлаштиради.
Файзулла ОРТИҚБОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги шахсий таркиб билан ишлаш хизмати таълим муассасалари бўлими бошлиғи:
— Ҳозирги пайтда тизимни малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, вазирлик тизимидаги олий ўқув юртлари — ИИВ Академияси, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ва Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида курсантлар учун барча зарур шарт-шароит яратилди. Академияда Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслар самарали фаолият кўрсатмоқда. Эътиборлиси, ушбу курсларда криминалистика маркази, ўқув-дала машқ майдони, компьютер ва лингафон хоналари бўлиб, улар зарур жиҳозлар билан тўла таъминланган.
Шуларга қарамасдан, олдимизда турган вазифалар ҳам талайгина. Президентимиз Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари малакасини ошириш бўйича тизим яратиш кераклиги ҳақида гапирганда, ана шу жиҳатга эътибор қаратди. Яъни Ички ишлар вазирлиги Академияси ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари ҳамкорлигида махсус курслар ташкил этишни таъкидлади.
Албатта, бу вазифалар соҳани малакали, етук кадрлар билан таъминлашда жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, юқори салоҳиятли кадрлар олдимизга қўйган вазифаларни бекаму кўст рўёбга чиқара олади.
«Халқ сўзи» мухбири
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
ёзиб олди.