Ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш — пировард мақсад
  • 13 Февраль 2017

Ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш — пировард мақсад

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари томонидан 10 февраль куни халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгашининг сессиясида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари туман аҳолиси билан ўтказган бевосита мулоқоти, шунингдек, тадбиркорлар билан учрашувлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, маҳаллалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари иши билан танишувлари натижалари мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг халқимиз ҳаёти турли жабҳаларини янада тараққий эттиришни кўзда тутадиган муҳим Фармон ва қарорлари, юртимизда ижтимоий адолатни ўрнатиш билан бирга, аҳоли турмуш даражаси юксалишига, ишбилармонлик имкониятларининг янада кенгайишига хизмат қилаётганидан далолат бермоқда.

Сессияда таъкидланганидек, Шофиркон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ташкилий ҳамда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, ўз ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳамда уларга тегишли кўмак бериш борасида туман ички ресурс ва имкониятларидан тўла фойдаланилмаяпти. Айрим тадбиркорлик субъектлари фаолиятига туманда етарли ша-роитлар яратилмаётганлиги уларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларида қатор камчиликлар кўзга ташланаётир. Бунда расмиятчилик ва сансалорлик каби салбий ҳолатлар учрамоқда. Тумандаги тегишли давлат идоралари томонидан бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермаяпти. 

Ўрганиш давомида Олий Мажлис вакиллари томонидан 40 га яқин фуқаролар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Фуқаролар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда сифати, айниқса, туман кўп тармоқли шифохонаси, шошилинч тиббий ёрдам маркази, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада яхшилаш, тиббиёт муассасаларини малакали мутахассис кадрлар, тиббиёт воситалари ва дори-дармонлар билан таъминлашни яхшилаш лозимлигини таъкидладилар.

Туманда таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигига қарамай,  айрим умумтаълим мактабларини Давлат дастурлари асосида қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари етарлича олиб борилмаган. Болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси паст бўлиб қолмоқда. 

Ҳудудда газ ва электр таъминотидаги мавжуд муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаяпти.

Сессияда туманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни кучайтириш, шунингдек, халқ олдида прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. 

Туманда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларидан самарали ҳамда тўлиқ фойдаланилмаётганлиги, жумладан, ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тизимли равишда эшитилмаётганлиги, қабул қилинган қарорларни бажармаган ёки лозим даражада бажармагани учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди.

Ўз навбатида, халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини янада жонлантириш, бунда партия гуруҳлари, доимий комиссияларнинг ташаббускорлигини ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудда турли соҳаларда юзага келаётган масалаларни ҳал этишда депутатлик назоратини кучайтириш, уларни тизимли равишда Кенгаш йиғилишларида муҳокама қилиб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев иштирок этди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn