Ватанга садоқат ифодаси
  • 13 Февраль 2017

Ватанга садоқат ифодаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида наманганлик бир гуруҳ йигитлар ҳам Ватан олдидаги шарафли бурчини ўташ учун армияга жўнаб кетди.

Шу муносабат билан вилоят мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар миллий армиямизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юртимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, тинчлик ҳамда осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг чақирилувчиларнинг ота-оналари, меҳнат фахрийлари ҳамда навқирон авлод вакиллари бўлажак аскарларга дил сўзларини изҳор этиб, муваффақият тилашди.

Аскарлар оналари қалбини камолга етган фарзанди Ватан хизматига отланаётганидан фахрланиш туйғуси эгаллаган.

— Бугун оиламиз ҳаётида энг қувончли кунлардан бири — ўғлим Исломжонни армия хизматига кузатаяпмиз, — дейди Поп туманилик Муқаддас ўаниева. — Ундан кўнглим тўқ. Боиси, муддатли ҳарбий хизматга тайёрланиш чоғида жисмоний жиҳатдан анча чиниқди. Билимини оширди. Ҳозир бу ерда жам бўлган оналар қатори дилбандимнинг йигитлик бурчини кўнгилдагидек адо этиб, оиламиз бағрига ёруғ юз билан қайтишини тилайман.

Майдонда виқор билан саф тортган ўғлонларга ҳавас билан қарайсиз. Улар ўзларига билдирилган ишончга муносиб бўлишга аҳд қилишган.

— Ҳарбийлик либосини кийиш болаликдан орзуим эди, — дейди чақирилувчи Шоҳжаҳон Бобохўжаев. — Шу боис мактабда ва касб-ҳунар коллежида пухта билим олишга ҳаракат қилдим, спорт билан мунтазам шуғулландим. Натижада тегишли кўрик ва синовлардан муваффақиятли ўтдим. Мақсадим, миллий армиямизда ўз бурчимни юксак даражада бажариб, келгусида ҳарбийлик касбини эгаллашдир.

Миллий урф-одатларимиздан келиб чиқиб, тантанали кузатиш маросимида чақирилувчи ёшлар бир пиёла чойга таклиф этилди. Уларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқ ва рақслар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. Чақирилувчилар оркестр ижросида янграган садолар остида белгиланган -ҳарбий қисмларга жўнаб кетдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn