Мамлакатимиз ривожида янги босқич
  • 10 Февраль 2017

Мамлакатимиз ривожида янги босқич

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг жамоатчилик томонидан барқарор тараққиётимизнинг муҳим пойдевори, аниқ мақсад ва вазифаларни қамраб олган ҳаётий дастур сифатида юқори баҳоланмоқда.

Ботир МАТМУРАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси: 

— Аввало, Ҳаракатлар стратегиясида давлатимиз раҳбарининг сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлари чоғида билдирилган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларга доир фикр ҳамда тавсиялари ўз ифодасини топганини айтиш зарур. Унинг мақсади ҳақида сўз юритадиган бўлсак, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан юксалтириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароит яратишдан ҳамда барча соҳани эркинлаштиришдан иборат. 

Хусусан, мазкур ҳужжатнинг биринчи йўналишида давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлис ролини ошириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлат ҳаётида сиёсий партиялар ролини кучайтириш назарда тутилган бўлиб, бу биз, парламент аъзоларига алоҳида масъулият юклайди. Зеро, ишлаб чиқаётган қонунларимиз ҳар жиҳатдан пухта бўлса, уларнинг бугунги кун талабига мос ижро механизми яратилса, самарали парламент назорати йўлга қўйилса, ана шунда зиммамиздаги вазифаларни тўлиқ адо этамиз.

Жаҳонгир ЙЎЛДОШЕВ, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

— Мамлакатимизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судловни амалга ошириш орқали инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган мазкур йўналиш билан боғлиқ вазифалар бу борада янги босқични бошлаб беради. 

Масалан, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьялар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир вазифаларни олиб кўрайлик. Бу, ўз-ўзидан, судлар мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Янги судлар — маъмурий ҳамда хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судлари тузилади, шу билан бирга, судья ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Айни чоғда қуйи инстанция судлари камчиликларини ўз вақтида бартараф қилиш мақсадида юқори суд инстанциялари ваколатлари кенгайтирилади.

Ушбу йўналишда яна бир қатор долзарб вазифалар кўзда тутилганки, буларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Алишер ҚОДИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати: 

— Стратегияда иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштириш бўйича белгиланган вазифалар мамлакатимиз молиявий-иқтисодий барқарорлигини мус-таҳкамлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда алоҳида ўрин тутади. Жумладан, солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқларнинг рағбатлантирувчи механизмларини янада кенгайтириш, банк тизимини ислоҳ қилиш, банкларнинг ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестициявий лойиҳаларни янада кенгайтириш, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни давом эттириш ҳамда чуқурлаштириш, унинг рақобатдошлигини ошириш бўйича кўзда тутилган чора-тадбирлар бу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллигига  хизмат қилади. 

Яқин беш йилга мўлжалланган мазкур тарихий аҳамиятга эга ҳужжатда хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоялашни таъминлаш, барча турдаги тўсқинликлар ҳамда чеклашларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик беришга алоҳида аҳамият қаратилгани эътиборга моликдир. Бу эса мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига давлат, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний аралашувининг қатъий олди олинишида муҳим роль ўйнайди. 

Амалга оширилиши кўзда тутилган кенг миқёсли чора-тадбирлар  аҳоли турмуш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун” принципини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.

 Ўз навбатида, биз, депутатлар ушбу Стратегиянинг мақсад ҳамда вазифаларини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз, унда назарда тутилган ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда ташаббускор бўлишимиз зарур. Зеро, бу борадаги қонунлар ижросини парламент назорати институтидан самарали фойдаланган ҳолда назорат қилиш зиммамиздаги асосий вазифадир. 

Гулнора МАРУФОВА, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари: 

— Аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириб бориш Ҳаракатлар стратегиясининг негизи ҳисобланади. Бинобарин, унда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг муҳим вазифалари, чунончи, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликка доир илғор ғоя ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилангани эътиборлидир. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси зиммасига катта масъулият юклайди.  

Хотин-қизларнинг турмуш даражасини мажмуавий ўрганишнинг тизимли механизмини яратиш мақсадида қўмитамиз фаоллари жойларда, туман ва шаҳарлар, маҳаллалар, оилаларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот олиб бормоқда. Бунда оиладаги ҳар бир аъзонинг ижтимоий ҳолати, саломатлиги, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши, болалар тарбиясининг тўғри йўлга қўйилиши, оила бюджетини кўпайтириш -масалаларига, шу билан бирга, маҳалла, таълим-тарбия муассасаси, хотин-қизлар қўмитаси, банклар ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга -алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Сергей МИРОНОВ, Республика байналмилал маданият маркази директори ўринбосари:

— Бағрикенглик муҳитини, миллатлараро ва динлараро муносабатларни мус-таҳкамлаш давлатимиз томонидан амалга оширилаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ -миллат ва элат вакиллари мустақиллигимиз, тинчлигимиз, фаровон ҳаётимизни асрашдек эзгу мақсад йўлида якдиллик ҳамда ҳамжиҳатликни намоён этмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида ушбу йўналиш бўйича ҳам қатор вазифалар илгари сурилган. Мисол учун, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари ва Диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Мазкур ҳужжатлар тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилиши истиқболимиз учун долзарб аҳамиятга эга.

Албатта, мамлакатимиз ҳамма жабҳада эришаётган ютуқ ҳамда натижалар замирида миллатлараро муносабатлар шаффофлиги ва барқарорлиги муҳим омил бўлмоқда. Таъкидлаш керакки, ушбу ютуқлар бардавомлигини таъминлаш ҳамда турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида тотувликни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлашда Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

Зиёда АШУРОВА,

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ 

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn