«Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!»
  • 10 Февраль 2017

«Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!»

Республикамизнинг барча ҳудудида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Маънавият тарғибот маркази, Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида уч босқичли “Маҳалла — менинг тақдиримда” кўрик-танлови юқори савияда ўтказилди. “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида бўлиб ўтган ушбу танлов ёшларимизни тарихимиз, маънавиятимиз, анъана ва урф-одатларимиз ҳамда маданий меросимизга ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси  босқичида таъкидланганидек, фарзандларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, маҳалла институтини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлик даражасини юксалтириш, бу борадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришда маҳалланинг ўрни ҳамда аҳамияти тобора ортмоқда. Пировардида ёшларимиз муносиб авлод бўлиб камолга етаяпти. Бу кўрикда қатнашган 15 та фуқаролар йиғини жамоалари аъзоларининг билимдонлиги ва зукколиги мисолида ҳам яққол намоён бўлди.

Уч шарт якунига кўра, Нукус туманидаги “Крантау” овул фуқаролар йиғинининг “Юрт келажаги” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

— Ушбу нуфузли танловда муваффақият қозонганимиздан мамнунмиз, — дейди ғолиб жамоа сардори Бибихоним Дўстмуродова. — Тайёргарлик жараёнида маҳалла институтини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва соҳа қонунчилигининг мазмун-моҳияти ҳамда ўзимиз истиқомат қилаётган овул фуқаролар йиғинининг тарихи билан атрофлича танишиб чиқдик. Танлов жараёнида эса намунали -фуқаролар йиғинларининг илғор иш тажрибаси билан ўртоқлашдик, янги дўстлар орттирдик. Умуман, бу тадбир унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Андижон вилояти босқичида сўз олганлар мамлакатимизда ёшларнинг тарбиясига, мафкуравий иммунитетини кучайтиришга бўлган эътибор ҳар доимгидан юксак даражада эканлигини қайд этишди. Пировардида эса улар эришаётган муваффақиятлар кўлами тобора кенгайиб бораяпти. Биргина вилоятнинг ёш спортчилари ўтган йилда 1500 дан ортиқ медалларга сазовор бўлгани бунинг амалий самарасидир.

— Кўрик-танловнинг саралаш босқичларида 843 та маҳалла қатнашди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Қодиржон Ризаев. — Жамоалар таркибида иштирок этган уч ярим минг нафарга яқин ёшлар соҳага оид меъёрий ҳужжатлар хусусидаги билимларини намойиш этди. Шу билан бирга, маҳаллалардаги илғор тажрибалар хусусида фикр юритдилар. Ёшларнинг буюк тарихимиз ҳамда аждодларимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътибори, она-Ватанимиз ҳамда истиқлол ғояларига садоқати ҳаммада катта таассурот қолдирди.

17 та жамоа вакиллари баҳс олиб борган танловнинг вилоят босқичи якунида Булоқбоши туманининг “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолибликка муносиб, деб топилди.

Самарқанд вилояти босқичи ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши билан бошланди.

— Маҳалладек ноёб тузилма аҳамияти, унинг мақсад ва вазифаларини ёшларга етказиш, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида уюштирилган мазкур танлов мазмун жиҳатидан йилдан-йилга бойиб бормоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими мутахассиси Фароғат Шокирова. — Бу йил унинг шаҳар, туман босқичларида 650 га яқин ёшлар иштирок этди. Танловда маҳаллалар тарихи, унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилгани ҳамма учун фойдали бўлди, деб ўйлайман.

16 та фуқаролар йиғини жамоалари учта шарт асосида баҳс олиб борди. Аввало, иштирокчилар ўзлари истиқомат қилаётган маҳалла тарихи, ҳудуддаги муҳит хусусида иншо ёзди. Шу билан бирга, махсус лавҳа тайёрлаб, маҳалла билан боғлиқ саволларга жавоб бердилар. 

— Маҳалламиз тарихи тўғрисида етарлича маълумотга эга эмасдик, — дейди  Нарпай туманидаги “Кўкота” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси сардори Наврўз Салоҳиддинов. —  Мазкур танловга тайёргарлик жараёнида кекса отахон-онахонлар билан суҳбатлашдик, маҳалламиз ҳақида нафақат ҳудудимиз, балки бошқа қишлоқ одамларидан ҳам маълумот тўпладик. Яқинда таъмирдан чиқарилган Кўкота зиёратгоҳи ҳақидаги билимларимизни янада мустаҳкамлаб олдик.

Танлов ҳайъати хулосасига биноан, Булунғур туманидаги “Каптархона” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Кабутар” жамоаси ғолиб бўлди. 

Хоразм вилояти босқичида 12 та фуқаролар йиғини жамоалари ғолиблик учун кураш олиб борди.  

Биринчи шартда иштирокчилар ўз маҳалласи, ёшларнинг баркамол бўлиб вояга етишида маҳалланинг ўрни ҳақида ижодий ёндашган ҳолда тақдимотлар ўтказди. Иккинчи шарт маҳалла фаолияти, “Оила —  маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда маънавиятга оид савол-жавоблар тарзида ўтказилди. Сўнгги шартда иштирокчилар “Маҳалла — менинг тақдиримда” мавзуида иншо ёзди. 

Якунда Хонқа туманидаги “Амударё” маҳалла  фуқаролар йиғинининг “Жайҳун” жамоаси биринчи ўринга муносиб кўрилди.

— Маҳалламизда ёшлар билан ишлаш намунали йўлга қўйилган, — дейди Боғот туманидаги “Нурли маскан” қишлоқ фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Анажон Қиличева. — Хусусан, кўрик-танловга тайёргарлик чоғида ёшларимиз билан кўп ишладик. Шу саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетмади, улар иккинчи ўринни эгаллади. Бундан, албатта, мамнунмиз. Айни чоғда ёшлар билан ишлаш борасидаги илғор иш тажрибаларини ўргандик.                                                           Фарғона вилоятида бўлиб ўтган кўрик-танловда 19 жамоа қатнашди. 

— Бугунги танлов иқтидорли тенгдошларимиз билан танишиш, ўзаро билимларимизни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди, — дейди иштирокчи Зафарбек Қаюмов. — У бизни “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган ҳаётий саволларни олдимизга қўйган ҳолда, келажакка нисбатан дахлдорлик туйғуси билан яшашга ундайди. 

Барча шарт бўйича юқори баҳо олган Фарғона шаҳридаги “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Юртпарвар” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

ўолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида 

тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn