Ҳаракатлар стратегияси — барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим асоси
  • 09 Февраль 2017

Ҳаракатлар стратегияси — барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим асоси

Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни чоғда Ҳаракатлар стратегияси ғоя ва мақсади, моҳияти ҳамда аҳамияти давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, умуман, барча юртдошимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Ойбек ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири:

— Ҳаракатлар стратегияси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида қабул қилингани бежиз эмас. Зеро, унда халқимизнинг порлоқ келажаги ҳамда истиқболини белгилаб берган устувор йўналишлар қамраб олинган. Мазкур ҳужжат қабул қилинишидан аввалроқ аҳоли кенг қатлами, чунончи, қонун ижодкорлари, ҳуқуқшунос олимлар ўртасида қизғин муҳокамалар олиб борилганини айтиш зарур.

Муҳокама учун турли ахборот майдонига жойлаштирилган мазкур Стратегия юзасидан юртдошларимиздан кўплаб фикр ва таклифлар келиб тушди. Шу билан бирга, пойтахтимизда медиа-ҳафталик ҳамда халқаро давра суҳбати ташкил этилиб, уларда қатнашган мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотларнинг, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хорижий инвесторлар вакилларининг фикрлари ўрганилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши хусусида гапирадиган бўлсак, унда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлис ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан яхшилаш, сиёсий партиялар ролини оширишга доир устувор вазифалар кўзда тутилгани фуқаролар манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тарихий ҳужжат орқали давлат хизматини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторлар ҳамкорлиги замонавий шаклларини, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар рўёбга чиқарилишини алоҳида эътироф этиш жоиз. Булар пировардида давлат идоралари ҳамда халқимиз ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади ва юртдошларимизга муносиб турмуш шароити -яратилишини кафолатлайди.

Есемурат КАНЬЯЗОВ, Тошкент давлат юридик университети ректори:

— Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилларда жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилиги ислоҳ этилиб, суд тизими ижро ҳокимияти органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди.

Ҳаракатлар стратегиясида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини бугунги кун талаби даражасида чуқурлаштириш билан боғлиқ вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Унга кўра, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлайдиган Олий суд кенгаши тузилади ҳамда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.

Маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини таъсис этиш орқали судларни келгусида ихтисослаштириш ҳамда уларнинг девонини мустаҳкамлаш чоралари ҳам кўрилади.

Бундан ташқари, процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатларини кенгайтириш режалаштирилганки, бу сансалорликларга ҳамда ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига барҳам беради.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, 2018 — 2021 йилларда жиноят ҳамда жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилади.

Бу саъй-ҳаракатлар судларнинг чинакамига мустақиллигини таъминлаш, умуман, ҳуқуқ-тартибот органларини такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш имконини беради.

Дилшод АБДУАЗИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи:

— Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштиришга оид белгиланган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилиши, ўз навбатида, мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Чунончи, иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга эътибор қаратилгани диққатга молик.

Бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, шубҳасиз, оилалар фаровонлигини таъминлаш билан бирга, юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ҳамда механизмларини жорий қилиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар акс этгани муҳим жиҳатлардан бири бўлиб, унинг ижросини таъминлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Албатта, бунда ижтимоий шериклик муносабатларидан оқилона фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.

Булар мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш орқали халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли умр кечириши учун мустаҳкам замин яратади.

Мақсуда ВОРИСОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид чора-тадбирлар аҳоли бандлигини кафолатлаш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, аҳолининг муҳтож қатламига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини яхшилаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини оширишда муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш борасида назарда тутилган вазифаларга тўхталадиган бўлсак, аввало, оналик ҳамда болаликни муҳофаза этиш, кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аҳолига тиббий ҳамда ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган дастлабки бўғин — тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилади. Аҳоли ҳамда тиббиёт муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланишини яхшилаш каби ҳаётий зарур масалаларга ечим топиладики, бу халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда айни муддаодир.

Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли, айниқса, аёллар, ёшлар бандлигини таъминлаш, шу мақсадда тадбиркорлик, оилавий бизнес ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, аёллар ва қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида жисмоний тарбия ҳамда спортни оммалаштириш, шунингдек, кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб чора-тадбирлар ҳам қамраб олинган. Ўз навбатида, биз, халқ вакиллари Стратегияда кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифаларни аҳоли кенг қатламига етказишимиз, унинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтиришимиз зарур.

Зеро, ушбу вазифаларнинг изчил ижроси мамлакатимизда “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” деган ҳаётий тамойилнинг рўёбини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Рустам КОМИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:

— Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида қандай воқеалар бўлиб турганидан барчамиз хабардормиз. Нотинч вазият туфайли инсонлар азият чекмоқда. Ана шундай бир шароитда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади, десак, асло янглишмаймиз.

Шу боис бу масала мамлакатимизда доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида унга алоҳида ўрин берилган. Яъни республиканинг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор этиш тизимини ташкиллаштириш ҳамда ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, шунингдек, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепциясини ва Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган.

Хорижий ҳамкорлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилади, Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ҳамда молиявий-техник ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар ҳам амалга оширилади.

Ушбу омиллар мамлакатимизнинг янада равнақ топиши ҳамда юртдошларимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришида муҳим ўрин тутишини айтиб ўтиш жоиз.

Умуман олганда, Ҳаракатлар стратегияси белгилаб берилган устувор вазифалар инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, фаровон ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароитларни яратиб беришга қаратилган бўлиб, уларнинг изчил ижроси бизни олдимизга қўйган улуғ мақсад — порлоқ келажак сари янада яқинлаштиради.

«Халқ сўзи» мухбирлари

З. ХУДОЙШУКУРОВ,

З. АШУРОВА ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn