Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини намоён этмоқда
  • 09 Февраль 2017

Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини намоён этмоқда

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан тайёрланган ҳисоботда ўтган йилги пахта терими мавсумида ўтказилган мустақил мониторинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги тўғрисида хабар берилган.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг баркамол бўлиб улғайишини таъминлаш, бунинг учун барча зарур шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати доирасида бола ҳуқуқлари ҳимоясининг кучли механизмларини янада ривожлантириш, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ, миллий қонунчилик базаси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам буни кўриш мумкин. 

Бу борада мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи халқаро ҳужжатларнинг ратификация қилингани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги ҳамда “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги конвенцияларини ратификация қилган.  

Бу ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида мамлакатимиз қонунчилигига қатор ўзгартишлар киритилди. Жумладан, хўжалик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик борасидаги талабларни, қолаверса, 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида 2009 йилнинг 21 декабрида “Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун имзоланди. 

Мазкур ҳужжатлардаги меъёрларга асосан, миллий қонунчилигимизда 18 ёшга тўлмаган шахсларни улар соғлиғи, хавфсизлиги ва ахлоқига зарар етказувчи ишларга жалб қилиш ман этилган. Ушбу меъёрлар, шунингдек, бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган. 

Юртимизнинг пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи меъёрларни амалга ошириш ишларига содиқлигининг ёрқин далили сифатида аҳолини ушбу меъёрлардан хабардор қилиш, бу борада жамоатчилик фикрини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли умуммиллий ахборот кампаниясини келтириш мумкин. Масалан, 2016 йилнинг сентябрь — октябрь ойларида ўтказилган мазкур кампания доирасида мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги тўғрисида 800 дан ортиқ баннерлар, 400 мингта плакат ҳудудларга етказилиб, аҳоли гавжум жойларга ўрнатилди ҳамда 100 мингта брошюра тарқатилди. 

Аҳоли ўртасида ташкил этилган тушунтириш ишларига телеканаллар ва радиостанциялар жалб этилиши билан бирга, мобиль алоқа операторлари орқали матнли хабарлар юборилди. Алоҳида таъкидлаш зарурки, ушбу кўламли тушунтириш ишлари аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш борасида ўз самарасини берди. 

Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар куни кеча Жаҳон банки сайтида эълон қилинган пахтачиликда болалар меҳнати мониторинги натижалари тўғрисидаги хабарда ҳам ўз ифодасини топди. Мазкур ахборотда мамлакатимизда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётининг мавжуд эмаслиги таъкидланган. Хусусан, хабарда 2016 йилги пахта терими мавсумида мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашга йўналтирилган тадбирлар ҳамда давлатнинг бу борадаги мажбуриятлари амалга оширилишини ўрганиш бўйича ХМТ мутахассислари иштирокида мустақил мониторинг ўтказилгани, ушбу мониторинг натижаларига кўра, халқаро экспертлар республикада мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти мавжуд эмас, деган хулосага келгани қайд этилган.     

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг ХМТнинг асос солувчи конвенцияларини қишлоқ хўжалигида муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, янада юқори даражада татбиқ қилиш бўйича ҳаракатлар режасини амалга оширишни давом эттираётганига алоҳида урғу берилган. Бу жараёнда давлат ташкилотлари каби жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳам фаол қатнашмоқда. 

ХМТ ҳисоботида қайд этилишича, болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги жамиятнинг барча қатлами, яъни ҳокимликлар, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болалар томонидан эътироф этилган. 

Шунингдек, ХМТ ҳужжатида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Меҳнат вазирлиги томонидан ташкил қилинган миллий қайта алоқа механизмлари иши ижобий баҳоланган. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан йўлга қўйилган миллий мониторинг ва аҳоли билан қайта алоқа механизми пахтачиликда меҳнаткашларнинг ҳуқуқларига риоя этиш бўйича умуммиллий вазифаларни амалга оширишга комплекс ёндашувнинг муҳим таркибий қисми эканлиги таъкидланган.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кўзда тутилган вазифаларни рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мазкур йўналишлардаги ишларни янада такомиллаштириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида янги сифат ўзгаришларига эришиш имконини беради.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn