Халқ билан юзма-юз мулоқот
  • 08 Февраль 2017

Халқ билан юзма-юз мулоқот

Бугун юртимизда халқ билан мулоқотнинг очиқ ва самарали механизмлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада юртдошларимизни ўйлантираётган муаммолар чуқур ўрганилиб, уларнинг ечимига кенг йўл очилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ойда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи ана шу йўлдаги яна бир амалий қадам бўлди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу сафар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифлар ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, жойларда аҳоли билан мулоқотлар ўтказилаяпти. 

Шундай учрашувлар яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари ҳамда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ижодий ходимлари иштирокида Нукус, Хўжайли, Кегейли ва Амударё туманларида ҳам бўлиб ўтди. Уларда мазкур ҳудудлар аҳолиси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан белгилаб берилган вазифалар доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, фуқаролардан бандлик, сервис, коммунал ва маиший хизмат каби соҳаларга доир савол ва мурожаатлар келиб тушди.

Хусусан, Хўжайли туманининг Найманкўл овулида яшовчи Ўрозбой Юсупов ҳудуддаги қишлоқ врачлик пунктида шифокорлар етишмаслиги, беморларга қўшимча қулайликлар -яратиш зарурлиги, шунингдек, болалар учун умумтаълим мактаби қошида спорт зали йўқлиги, йигирмадан зиёд хонадон сув тармоғига уланмагани ҳақида гапирди. 

— Кўтарилган ушбу масалалар ечими Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастурида тўлиқ ўз ифодасини топган, — деди мулоқотда сўз олган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти ходими Абдураззоқ Каримов. — Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши маълумотларига кўра, 782,9 километр сув ўтказиш тармоқлари, 44 та сув қудуғи, 17 сув минораси ва резервуари қурилиши, 38 та насос қурилмаси ўрнатилиши кўзда тутилган. Ўз навбатида, жорий йилда 23 умумтаълим мактаби, 6 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей реконструкция қилинади ҳамда капитал таъмирдан чиқарилади.

Бинобарин, учрашувда мазкур туманда яшовчи Сафарбой Байжановнинг Шатрауқ қишлоғида транспорт қатнови йўқлиги юзасидан мурожаатига давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 10 январда имзоланган “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ечим топилиши юзасидан -маълумот берилди. 

Кегейли туманилик Қурбонбой Туржановнинг айтишича, мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Айтековул қишлоғидаги темир йўл разъезди ҳудуд ўртасидан ўтган аввалги автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Оқибатда аҳоли 5 километр наридаги манзилга етиб олиш учун 15 километр масофани айланма кўча орқали босиб ўтишга мажбур бўлмоқда. 

Бундан ташқари, мулоқотларда фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳозалар ҳам маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларини бефарқ қолдирмади. Масалан, Амударё туманида яшовчи ўайрат Жуманазаров айрим қишлоғу маҳаллаларнинг, корхоналарнинг номланишидаги мантиқсизликлар, хатоликлар хусусида куйинчаклик билан сўз юритди. 

— Оммавий ахборот воситалари давлат билан халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк, — дейди Нукус тумани “Ақманғит” овул фуқаролар йиғини фаоли Гулсара Нурлепесова. — Шу маънода, журналистларнинг аҳоли билан учрашиб, улар дарду ташвишларига қулоқ -тутаётганидан жуда мамнунмиз. Муҳими, бундай мулоқотлар давомида нафақат ўз саволларимизга жавоб топаяпмиз, балки янги қабул қилинаётган қонунлар, Фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти билан янада кенгроқ танишиш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Ўйлаймизки, бу эзгу ташаббус янада кенг қулоч ёяди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn