Ноёб қушлар маконлари кенгаймоқда
  • 04 Февраль 2017

Ноёб қушлар маконлари кенгаймоқда

Пойтахтимизда Жаҳон сувли-ботқоқ ерлар кунига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, орнитологлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Бундан қирқ етти йил илгари Эроннинг Рамсар шаҳрида сувли-ботқоқ ерларни аниқлаш, улардан самарали фойдаланишга оид халқаро конвенциянинг қабул қилиниши мазкур масала нечоғли долзарб эканини тасдиқлайди. Айни пайтда ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. 

— Юртимизда сув ҳажми 19,4 млрд. куб метрга тенг бўлган 53 та сув омбори мавжуд, — дейди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъул ходими Хония Асилбекова. — Ҳар йили мамлакатимиздаги беш юздан ортиқ кўл ҳавзаларига 4 млн.дан зиёд сувда сузувчи қушлар ин қуриб, полапон очади ва яна бошқа ўлкаларга учиб кетади. Айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларидаги кўлларда 41 турга мансуб салкам 4 мингта ана шундай қушлар ҳисобга олинган. 

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, манфаатдор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари республикамиздаги сувли-ботқоқ ерларни муҳофаза қилиш, бундай ресурслардан оқилона фойдаланиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ишларида фаол иштирок этишаётир. Улар томонидан, хусусан, сувли-ботқоқ ерларда ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонун бузилишига доир 1220 дан зиёд ҳолатлар аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn