Инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам
  • 04 Февраль 2017

Инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам

“Давлат — бош ислоҳотчи”. Бу — тараққиётнинг дунёга машҳур “ўзбек модели” муҳим тамойилларидан бири. Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарадорлиги ана шу омил билан чамбарчас боғлиқ. 

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳам бу борадаги яна бир амалий қадам бўлди. Айни пайтда ушбу ҳужжат асосида жорий этиладиган янгиликлар юртдошларимизга алоҳида мамнуният бағишламоқда.

Беҳбуд ЖУМАЕВ, меҳнат фахрийси (Бухоро шаҳри):

— Биз, кекса авлод вакиллари, одатда, аҳолининг нисбатан камхарж қатлами -саналамиз. Пенсия асосий қисмининг пластик карточкаларга ўтказилиши эса, очиғи, бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Бу ҳолдан, айниқса, якка-ёлғиз яшовчи ва табаррук ёшли нуронийлар азият чекишаётганди. Чунки тўлов терминали билан барча савдо шохобчаси таъминланган, дея олмаймиз. Қолаверса, деҳқон бозорларига тушган киши кўп ҳолларда мева-чева, сабзавот маҳсулотларини нақд пулга харид қилишга мажбур. Маҳаллалардаги учрашувларда ана шу ноқулайлик ҳақида гапиришганига кўпчилигимиз шоҳидмиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 7 мингдан ортиқ шундай мазмундаги мурожаатлар келиб тушгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Бинобарин, эндиликда пенсияларнинг ҳеч қандай чекловсиз, нақд пулда берилиши мамлакатимизда аҳоли, айниқса, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди. Бундан биз, кексалар беҳад мамнунмиз. Давлатимизнинг бу инсонпарвар сиёсати нуронийларнинг ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашдек олижаноб ишдаги масъулиятини янада оширади.

Абдуғани ТЎРАБОЕВ, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Писком” қишлоқ врачлик пункти мудири:

— Биз яшаб турган Писком қишлоғи туман маркази — ўазалкент шаҳридан қарийб 100 км. узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган. Қорли-қировли кунларда бу масофа машинада камида 3 соатда босиб ўтилади. 

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамқишлоқларимизни руҳлантириб юборди. Тўғриси, олис ҳудуд бўлгани учун бизда пластик карточкалардан фойдаланишда анча мураккабликлар бор эди. Қарорда белгилаб қўйилган тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, ушбу ҳудудлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши бизни ўйлантириб турган муаммо ечими бўлди. 

Сарвиноз ХОЛМЎМИНОВА, Гулистон давлат университети талабаси:

— Президентимиз қарорида биз, талабалар манфаатига ҳам алоҳида эътибор -қаратилганидан жуда қувондик. Айтиш жоизки, стипендиямизнинг юз фоиз пластик карточкага ўтказилиши туфайли транспорт ва бошқа тўловларни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келаётгандик. Энди эса пулимизнинг эллик фоизини нақд шаклида олиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса маблағимиздан ортиқча харажатларсиз фойдаланишимизни таъминлайди. 

Шу ўринда юртимизда ёш авлод камолоти учун барча имконият ва шарт-шароит -яратилгани ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Масалан, ўзим жорий йилда ўқишни битираман. Ҳозир мутахассислигим бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмаларимни оширишга астойдил ҳаракат қилаяпман. Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ҳафтада бир марта муассасамизга келиб, машғулотлар ўтказаётгани эса етук кадр бўлиб етишишимизга мустаҳкам замин ҳозирлаяпти. Албатта, бу ғамхўрликлар бизни шу жонажон Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишга, юрт равнақига ҳисса қўшишга ундайди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn