Тоғ тизмаларининг бетакрор табиати халқаро мерос рўйхатига киритилди
  • 04 Февраль 2017

Тоғ тизмаларининг бетакрор табиати халқаро мерос рўйхатига киритилди

 

Пойтахтимизда ўарбий Тянь-Шанни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхати Трансмиллий сериялар номинациясига киритиш бўйича сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги Миллий ишлар бўйича комиссияси томонидан ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Ташқи ишлар вазирликлари, Фанлар академияси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи маъмурияти, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари вакиллари ҳамда оммавий ахборот -воситалари ходимлари қатнашди. 

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Абдусаматов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари К. Пиккат қайд этганидек, бугунги кунда нодир ёдгорликлар, табиий объектларни муҳофаза қилиш долзарб вазифага айланмоқда. Бунда, табиийки, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти жуда юқоридир.

Ўтган йилнинг 17 июлида Истамбул шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО қўмитасининг қирқинчи сессиясида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида жойлашган Тянь-Шань тоғ тизмасининг Марказий Осиё қисми — ўарбий 

Тянь-Шань трансчегаравий объект сифатида Умумжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритилди. Шу асосда юртимиздаги Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи таркибидаги “Бошқизилсой” ва “Майдонтол” қўриқхона ҳудудлари ҳам ундан жой олди. -ўарбий Тянь-Шаннинг бир қисми — Чотқол тоғлари юртимиздаги умумжаҳон мерос объекти мақомини олган илк табиий объект ҳисобланади. 

Бундан ташқари, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи тарихий қимматга ҳам эга. Тераклисой қирғоқларидаги эрамиздан аввалги I-II минг йилликларга оид тошга битилган тарихий расмлар, Ревашти — Қорабузоқсой дарёларининг бўлиниш жойидан топилган бронза буюмлар ҳамда қадимий қалъа қолдиқлари бебаҳо бойлик ҳисобланади. 

Яқин келажакда Сармишсойда тошга туширилган қадимий расмлар, Шоҳимардон, Зомин, Ҳисор тоғлари ва баъзи қўриқхоналарни ушбу рўйхатга киритиш мўлжалланмоқда. 

Тадбир давомида иштирокчиларга “ўарбий Тянь-Шань” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ўарбий Тянь-Шанни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхати Трансмиллий сериялар номинациясига киритиш борасидаги сертификат тантанали равишда топширилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn