Ислом Каримов — Ўзбекистон миллий тикланишининг асосчиси
  • 03 Февраль 2017

Ислом Каримов — Ўзбекистон миллий тикланишининг асосчиси

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳамиша ўз халқига меҳрибон бўлган буюк давлат арбоби ва оқил раҳбар эди. У мамлакатни ривожлантириш йўлидаги тинимсиз меҳнати билан бутун дунёда катта ҳурмат қозонди. Айни кунларда хорижий давлатларнинг қатор оммавий нашрлари Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланган туркум материалларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқда.

Жумладан, Бельгиянинг нуфузли “Brussels Express” интернет нашри Биринчи Президент мустақиллик йилларида ўзбек давлатчилиги ҳамда жамият ривожининг асосини яратганини таъкидлайди. “Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон миллий тикланишининг асосчиси деб аташ мумкин, — дейилади нашр мақоласида. — У янги даврнинг буюк сиёсатчиси, узоқни кўра оладиган ва стратегик жиҳатдан пухта фикрлайдиган, дунёда ҳамда минтақада кечаётган фавқулодда мураккаб воқеа-ҳодисалар моҳиятини теран англайдиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир ватандошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис этадиган раҳбар эди”.

Мақолада, шунингдек, мустақил Ўзбекистон Ислом Каримов раҳбарлигида БМТнинг Низомида, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда меъёрларда белгиланган тамойилларга риоя қилган ҳолда сиёсат олиб боргани қайд этилган.

Ислом Каримов шахсияти ҳақида сўз юритаркан, Испаниянинг кундалик “The Diplomat in Spain” электрон газетаси мамлакатимиз Биринчи Президентини бозор иқтисоди ва демократиянинг “ўзбек модели” қурилишини ишлаб чиққан ҳамда амалга оширган атоқли сиёсатчи сифатида таърифлайди. Мақолада испаниялик экспертларнинг мулоҳазалари ҳам келтирилади. Улардан бири — Мадрид Мухторият университети профессори Хесус Фуэнсента Ўзбекистон раҳбари нотинч -минтақада жойлашган мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигининг меъмори эканини таъкидлайди.

Хитойда чоп этиладиган “Шицзе чжиши” журнали эълон қилган мақолада ХХРнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ли Цзинсянь Ислом Каримов билан учрашувлари ҳақидаги ёрқин хотираларини ўртоқлашган. Дипломат, хусусан, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти унда оқил, зийрак, прагматик, сермулоҳаза ҳамда пухта стратегик қарашлар соҳиби -сифатида таассурот қолдирганини айтади. “Президент ҳамиша кенг мулоҳаза юритарди, иккинчи даражали жиҳатларга беҳуда эътибор қаратмасди, — дейди Ли Цзинсянь. — Унинг маърузалари қисқа ва аниқ, зериктирадиган даражадаги узун гаплардан холи, теран, айни пайтда барча учун тушунарли бўларди”.

“Япония — Ўзбекистон” дўстлик уюшмасининг ойлик “Nihon-Uzbekistan” газетасида чоп этилган мақолада ҳам Биринчи Президент раҳбарлиги остида мамлакатимиз эришган муваффақиятлар ҳақида сўз юритилган. Мақола муаллифи Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган муҳим натижалари ҳақида батафсил маълумот беради. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасидаги муносабатлар ривожида тутган ўрни хусусида тўхталаркан, журналист Ўзбекистон раҳбари ўзаро ишонч ва ҳурмат асосига қурилган дўстона муносабатларни чуқурлаштиришга катта эътибор қаратганини таъкидлайди.

Ўзбекистонинг Биринчи Президенти ёрқин хотирасига бағишланган яна бир мақола Жанубий Кореянинг “The Korea Post” журналида нашр қилинди. “Ислом Каримов ўз халқининг юксак муҳаббатига сазовор бўлган, улкан халқаро нуфузга эришган том маънодаги тарихий шахс, буюк давлат арбоби эди, — дейилади мақолада. — Ўзбекистон халқи мустақиллик даврида эришилган барча муваффақиятни ҳақли равишда Биринчи Президентнинг номи билан боғлайди”.

Ўз навбатида, Беларусь Вазирлар Кенгашининг “Республика” газетаси ўз ўқувчиларини Ўзбекистон суверенитети ҳамда мустақиллигини мустаҳкамлашда миллатнинг ҳақиқий раҳбари тутган беқиёс ўрин билан таништиради. Нашр мақоласида Ислом Каримовнинг “Конституция — давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома, у халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради ҳамда халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”, деган сўзлари келтирилади.

Озарбайжоннинг “Эхо” ижтимоий-сиёсий газетасида эса Ислом Каримовнинг яратувчанлик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мақолада таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш давлат раҳбарининг доимий диққат-эътиборида бўлган меъморий ёдгорликлар ва муқаддас масканлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Шу билан бирга, харобага айланган, Ислом Каримов ташаббуси билан қайта тикланган кўплаб қадимий обидалар дунё тамаддунининг хазинаси экани алоҳида таъкидланган. “Ўзбекистоннинг тарихий мерос ҳамда миллий қадриятларни янада кўпайтириш борасидаги кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлари тажрибаси ва эришган натижалари халқаро ҳамжамият томонидан ўзининг муносиб эътирофини топди”, дея ёзилади “Эхо” газетасида эълон қилинган мақолада.

Бирлашган Араб Амирликларида чоп этиладиган “Aviamost” журнали ҳам мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчисига ўз саҳифаларидан кенг жой ажратган. Унда мамлакатимизда миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар уйғунлашган миллий мафкурани шакллантириш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берилади. “Бугунги кунда Ўзбекистоннинг бебаҳо моддий ва бадиий мероси, унинг давлатчилик негизлари, маънавий-ахлоқий анъаналари мустақил давлатнинг янги тарихи солномаларини яратишга асос, мамлакатни дунёга танитишга хизмат қилувчи манба бўлди”, дейилади мақола хулосасида.

 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn