Давлат хизматлари кўрсатиш сифати яхшиланади, кўлами кенгаяди
  • 03 Февраль 2017

Давлат хизматлари кўрсатиш сифати яхшиланади, кўлами кенгаяди

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя барча соҳа қаторида, иқтисодиётимиз ривожини ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтармоқда. Сабаби, бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, ишбилармонларнинг эмин-эркин иш юритишлари учун қўшимча имтиёзлар берилаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Юртдошларимиз, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳаракатида юрганлар, кичик бизнес субъектлари вакиллари ушбу ҳужжатни зўр мамнуният билан қарши олдилар.

Фотимахон НАЗАРОВА, Андижон шаҳридаги “Тунги ёғду шуъласи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилиб, ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланмоқда. Президентимизнинг кеча эълон қилинган қарори бизнес вакилларига кўрсатилаётган юксак ғамхўр-ликнинг амалий тасдиғи бўлди.

Негаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолияти янада кенгайтирилмоқда. Бу, аввало, юртдошларимизнинг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқаришга кенг йўл очиб беради.

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда “ягона дарча” марказлари томонидан 16 турдаги хизмат кўрсатилаётган бўлса, келгусида улар сони кўпайтириб борилаверади. Сифати ва ошкоралиги, фойдаланиш имкониятлари эса кенгайтирилади. Чунки қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ҳамда рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш белгилаб қўйилган.

Очиғи, бундай шарт-шароитлар бизни янги ғояларни амалга ошириш, қўшимча тармоқларни ўзлаштиришга ундаяпти. Жун хом ашёсидан тўқима кийим-кечаклар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамиз 2012 йилда ташкил қилинган бўлиб, ўтган қисқа давр ичида қишки кийимлардан ташқари, гилам маҳсулотлари тўқиш ҳам йўлга қўйилди. Улар табиийлиги боис тобора харидоргир бўлиб бораяпти. 2016 йилда буюртмачиларга 53 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилгани бунинг тасдиғидир.

Шу билан бирга, ёшларга ҳунар ўргатиш мақсадида корхонамиз қошида ўқув курсини очганмиз. Уч ойлик ушбу курсда бир пайтнинг ўзида 10 нафар қиз тўқимачилик сир-асрорини ўрганмоқда.

Шогирдларимга қарор мазмун-моҳияти, давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган қўшимча қулайликлар ҳақида тушунтириб бердим. Буни эшитган қизларнинг барчаси банкдан кредит олиб, мустақил бизнес фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдиргани қувонарлидир.

Ботир ТОШЕВ, Қизилтепа туманидаги “Қурилиш таъминотчи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Қарор билан яқиндан танишиб чиқиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Ахир унга биноан амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар аҳамияти нечоғли катта эканлигини биз, тадбиркорлар, янаям аниқроғи, бизнес фаолиятини истиқлолнинг дастлабки йилларида бошлаганлар яхши билишади. Чунки давлат рўйхатидан ўтиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, рухсатнома олиш, қисқача айтганда, ишни бошлаб олиш осон кечмаган.

Бугун-чи? Тайёр бизнес-режангиз бўлса, бас. Ишингиз бир зумда битади. Эндиликда тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва рухсатномаларни олиш учун идорама-идора юришларига ҳожат йўқ. “Ягона дарча” марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилинса, кифоя. Улар аниқ муддатларда тақдим этилади. Буларнинг барчаси тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежаш, сарф-харажатларни камайтириш, сансалорликларнинг олдини олиш, пировардида ишбилармонлик ҳаракатини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қилади, албатта.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан бошлаб “ягона дарча” марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ҳамда рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилиниши кўзда тутилган.

Корхонамиз қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 100 киши ишлайди. Тайёрлаётган маҳсулотларимизга қўшни вилоятларда ҳам талаб ортмоқда. Масалан, темир-бетон маҳсулотлари -Навоийдан ташқари, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги қурилиш объектларига етказиб берилаяпти. Шунингдек, замонавий эшик-ромларга ҳам талаб кўпайган.

Айни пайтда яна бир янги бизнес лойиҳа устида ишлаяпмиз. Унга кўра, хориждан замонавий технологик ускуналар олиб келиб, тайёрланаётган маҳсулотлар турини кўпайтирмоқчимиз. Бунинг учун шарт-шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Биз, ишбилармонлардан эса фақат ташаббус кўрсатиш, фидокорона меҳнат қилиш талаб этилаяпти, холос.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn