Парвозимиз янада юксалади
  • 02 Февраль 2017

Парвозимиз янада юксалади

Мустақиллик йилларида Миллий авиакомпаниямиз ҳар томонлама равнақ топди. У соҳага қаратилаётган эътибор ва яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли кучли рақобатга мослашган улкан тизимга айланди. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жамоасига йўллаган табригида ҳам алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида юртимиз фуқаро авиацияси пухта ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида тобора такомиллашмоқда. Пировардида бугунги кунга келиб, Миллий авиакомпаниямиз Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хорижий давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этаяпти. Бунга 1995 йилдан буён ушбу соҳада меҳнат қилаётган мутахассис сифатида ўзим гувоҳман. 

Ўтган давр мобайнида авиапаркларимиз замонавий ҳаво лайнерлари билан бойитилиб, аэропортларимизда йўловчиларга  жаҳон стандартлари даражасида хизмат кўрсатилаётир. Бунда учувчию муҳандислар, авиатехник ва борт кузатувчилари, қисқаси, тизимдаги барча ходимлар малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётгани айни муддао бўлаяпти. Бинобарин, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий  авиакомпанияси томонидан йилига 90 мингдан ортиқ транзит парвозлари бошқарилиб, 300 дан зиёд хорижий авиакомпаниялар самолётларига аэронавигация хизматлари кўрсатилаётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Миллий авиакомпания тасарруфида “Uzbekistan airways technics” авиакорхонаси ташкил этилиши соҳа ривожида муҳим қадам бўлди. Чунки бу билан барча турдаги самолётларга шу ерда техник хизмат кўрсатиш ва ҳаво лайнерларининг эҳтиёт қисмларини таъмирлаш имконияти вужудга келди. Бунинг учун эса шарт-шароитлар етарли. Корхонамиз энг илғор технология ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. 

Албатта, бугунги тараққиёт даври ҳар бир соҳа вакилидан доимий изланишни талаб этмоқда. Шу омил, қолавера, авиакомпаниямиз ҳар йили янги авлод самолётларини қабул қилиб олаётгани биз, мутахассисларни мунтазам равишда ўқиб-ўрганишга ундаяпти. 

Бу йил Миллий авиакомпаниямиз ташкил этилганига йигирма беш йил тўлди ва ушбу сана бутун мамлакатимизда кенг нишонланди. Энг юксак туҳфа эса Президентимизнинг фармонлари асосида авиакомпаниямизга Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи берилиши ва бир гуруҳ соҳа ходимларининг давлат мукофотлари билан тақдирланиши бўлди. Ана шу  мукофотланганлар орасида борлигимдан беҳад қувондим ҳамда фахрландим. Зеро, Ватанга хизмат қилиш олий саодатдир. 

Мамлакатимизда бошқа соҳалар қаторида авиация саноатига ҳам  юксак эътибор қаратилиб, ишчи-ходимлар меҳнати қадрланаётган экан, биз ҳам, ўз навбатида, бунга жавобан парвозимиз хавфсиз ва бундан-да юқори бўлишини таъминлаш йўлида -фидокорона меҳнат қилишдан чарчамаймиз. 

Қудрат МИРЗАЕВ, 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 

«Uzbekistan airways technics» авиакорхонаси цех муҳандиси,

«Шуҳрат» медали соҳиби.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn