Миллий ахборот макони ва изчил фаолият
  • 02 Февраль 2017

Миллий ахборот макони ва изчил фаолият

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ҳамда матбаа соҳасининг давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани замирида демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлиги ҳамда ён-атрофда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабатини эркин ифода этиш ҳуқуқини таъминлаш, қолаверса, олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Бинобарин, бугун одамларнинг тезкор ва ҳаққоний ахборотга бўлган талабини қондириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, умуман, жамият тараққиётини жадаллаштиришда мазкур соҳанинг аҳамияти беқиёс. 

Пойтахтимизда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Миллий оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ҳамда матбаа соҳасининг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари” мавзуида ташкил этилган анжуманда ҳам ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич, аниқ мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда фаолият юритаётган ОАВ сони 1514 тага, нашриётлар 122 тага, матбаа корхоналари эса 1755 тага етди.

Эътиборлиси, миллий медиа маконда хусусий секторнинг улуши тобора ортиб бормоқда. Ҳозирги вақтда юртимиздаги ОАВнинг 975 таси, нашриётларнинг эса 57 таси нодавлат ташкилотлар ҳисобланади. Ноширлик ва матбаачилик соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотларга солиқ бўйича берилаётган имтиёз ҳамда енгилликлар, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Жумладан, Биринчи Президентимизнинг 2011 йил 

30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори билан соҳа корхоналари беш йил муддатга бир қатор солиқ ва божхона тўловлари тўлашдан озод этилган эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон -Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур имтиёзлар муддати 2019 йилгача узайтирилди. Шунингдек, микрофирмалар ва кичик корхоналарга мансуб бўлган матбаа ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизгача камайтирилди. “Ижод” жамоат фондига тўланадиган мажбурий ажратмалар миқдори икки фоиздан бир фоизгача пасайтирилди.

— Матбаа соҳасини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш, полиграфия корхоналарини модернизациялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасида улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар сифати тобора яхшиланмоқда, — деди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари К. Мансуров. — -Президентимизнинг 2017 йил 

12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича -комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши мазкур соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқади.  

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn