Биохилмахилликни таъминлашнинг муҳим омили
  • 02 Февраль 2017

Биохилмахилликни таъминлашнинг муҳим омили

Сув ҳавзалари нафақат инсониятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, балки ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини асрашда ҳам алоҳида ўрин тутади. Айниқса, сувли-ботқоқ ерлар қушлар, сув жониворлари ва ўсимликларининг кўпайиши учун жуда қулай табиий муҳит ҳисобланади. Шу боис бундай ландшафтларни муҳофаза қилишга халқаро миқёсда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида Халқаро аҳамиятга эга бўлган, асосан, сувда сузувчи қушлар яшаш жойлари ҳисобланган сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги халқаро конвенциянинг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжат сувли-ботқоқ ерларни ҳимоя қилиш баробарида, улардан оқилона фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирги кунда унга 170 дан ортиқ мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам аъзо. 

— Юртимизда конвенция талабларини тўлақонли бажариш мақсадида тегишли дастур ҳамда лойиҳалар асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати гуруҳ раҳбари Аваз Худойбердиев. — Бу жараёнда кўллардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувли-ботқоқ экотизимларида кадастр ҳамда мониторинг ишларини кенгайтириш, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётир. Бунинг самараси ўлароқ, республикамиздаги “Денгизкўл” ва “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига халқаро миқёсда муҳофаза этиладиган ҳудуд мақоми берилди. Айни пайтда “Тўдакўл” ҳамда “Қуйимозор” сув омборларини, “Судочье”, “Ачиқкўл” каби кўлларни Рамсар рўйхатига киритиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти. 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Рамсар рўйхатига 2200 та сувли-ботқоқ ҳудуд киритилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 2,1 миллион квадрат метрни ташкил қилади. Мамлакатимизда эса бундай ҳудудлар қарийб 1 миллион гектарни эгаллайди. Шунингдек, 500 дан ортиқ кўллар мавжуд бўлиб, уларда ўсимлик ҳамда ҳайвонот оламининг кўплаб турлари учрайди. 

Сувли-ботқоқ ерлар муқим ва кўчиб юрувчи қушлар учун қулай манзил бўлиши билан бирга, уларнинг тарихий миграция йўлларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда юртимиз орнитофаунасида сувда сузувчи ҳамда сув ҳавзасида яшовчи қушларнинг 150 тури учрайди. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қушлардан 37 турининг ҳаёти сувли-ботқоқ ҳудудлар билан узвий боғлиқдир. 

Юртимиз сув ҳавзалари ландшафт-географик хусусияти шундайки, у ўз бағрига ноёб паррандаларни тобора кўпроқ жалб этмоқда. Шунинг учун кейинги йилларда сув ҳавзаларини қайта тиклаш масаласига эътибор янада кучайтирилди. Бунда давлат ташкилотлари билан бирга, нодавлат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этаётгани туфайли сув ҳавзаларининг ҳудуди кенгайиб, тўқайзорларнинг ҳолати тубдан яхшиланмоқда. 

Республикамизда сувли-ботқоқ майдонларни асраш, биохилмахилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган янги ҳудудларни ташкил қилишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар ижобий самаралар бериб, экологик барқарорликни таъминлашга мустаҳкам пойдевор бўлиши, шубҳасиз.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn