Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ўзининг юксак самарасини бераётир. Ўзбекистон Республикасининг “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа кўплаб меъёрий ҳужжатлар соҳага оид муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Мамлакатимиз интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида кўплаб халқаро шартнома ва битимларга аъзо. Ўзбекистон бу йўналишда ЮНЕСКО, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) каби халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатган. Мамлакатимизнинг Берн конвенциясига қўшилгани ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, муаллифлар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳуқуқ эгалари учун катта имкониятлар яратди. Бу илмий-техникавий ишланмаларни хорижда муҳофаза қилиш ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этиш имконини бермоқда.
Дастлаб саноатга оид интеллектуал мулкнинг 4 объектига — ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгиларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш жорий этилган бўлса, ҳозирги кунда ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари, ўсимлик навлари, интеграл микросхемалар топологиялари, товар келиб чиққан жой номлари каби ўндан ортиқ интеллектуал мулк объекти муҳофазага олинган. Энг муҳими, патентли ҳимоялаш тизими илмий ишланманинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш билан бирга, уни ишлаб чиқаришга жорий этишга кенг йўл очаётир.
Тадбирда интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчиликни такомиллаштириш, интеллектуал мулк ҳуқуқини олий таълим муассасаларида ўқитишни янада кенгайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Д. КАРИМОВ,
ЎзА мухбири.