Темир йўл тизимидаги яна бир йирик лойиҳа
  • 01 Январь 2017

Темир йўл тизимидаги яна бир йирик лойиҳа

Қарши — Тошгузар — Деҳқонобод темир йўл участкаларида электрлаштириш ишлари якунланди.

Йўллар асрлар давомида турли халқларни бир-бирига боғлаб, давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар ривожига муносиб хизмат қилиб келмоқда. Бунда, айниқса, темир йўл транспорти давлатимиз тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бирига айланди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шу боис мамлакатимизда истиқлол йилларида ягона миллий темир йўл тармоғини ташкил этиш, унинг -инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт йўлакларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Соҳада йирик инвестициявий дастурлар доирасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, улкан бунёдкорлик ишлари бажарилаётир. Буларнинг барчаси, таъбир жоиз бўлса, элимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқариб, иқтисодиётимиз барқарорлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мустақиллигимизнинг сўнгги 15 йилига назар ташлайдиган бўлсак, Навоий — Учқудуқ — Султон Увайстоғ — Нукус, “Аср қурилиши” номини олган Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўлининг қурилиб фойдаланишга топширилиши тизимда жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтирди. Бундай саъй-ҳаракатлар охирги беш йилда янада жадал тус олди. 2011 йилда саноқли давлатлардагина мавжуд бўлган юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездининг Самарқанд, 2015 йилда Қарши, истиқлолимизнинг 25 йиллик байрами арафасида эса Бухоро шаҳарларига мунтазам қатнови йўлга қўйилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Соҳа вакиллари учун поёнига етаётган 2016 йил, айниқса, самарали кечди. Зотан, Ангрен — Поп янги электрлаштирилган темир йўли қуриб фойдаланишга топширилгани йилнинг оламшумул воқеаларидан бири бўлди. Айни пайтда ушбу магистраль орқали “Тошкент — Андижон — Тошкент” йўналишида кунига тўртта, “Андижон — Бухоро — Андижон” йўналишида ҳафтасига икки маротаба, “Андижон — Урганч — Андижон” йўналишида ҳафтасига бир маротаба йўловчи ташиш поездлари қатнови амалга оширилмоқда. Яқиндан бошлаб, аниқроғи, 16 декабрь кунидан эса водий аҳли Андижондан Москвага поездда бориш имкониятига эга бўлди.
Албатта, шиддат билан ривожланаётган бугунги давр хизмат кўрсатиш сифатини ҳам замонга мос равишда такомиллаштиришни талаб қилаётир. Шундан келиб чиқиб, соҳа ходимлари эндиликда темир йўлларни тўлиқ электрлаштириш ва аксарият ҳудудларда электропоездлар ҳаракатини ташкил этиш, юк ҳамда йўловчи ташишда самарадорликка эришишга интилишмоқда. Яна бир ўзига хос томони шундаки, ана шундай йўл тутиш иқтисодий тежамкорлик ва экологик барқарорликка эришишда ҳам қўл келади. Шу кунгача улар томонидан 1700 километрдан зиёд темир йўллар электрлаштирилган бўлса, шундан 500 километри ўтган йил ҳиссасига тўғри келди.
Бундан ўн йил муқаддам тоғ шароитида барпо этилган Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли барчанинг ҳавасу ҳайратини келтирган эди. Бинобарин, ўша пайтларда бундай кўламдор объект ўзига хос мураккабликларга эгалиги боис унинг истиқболига кўпчилик гўёки мўъжизадек қарагани бор гап. Қарангки, истиқлол берган имконият, темир йўлчиларимизнинг ғайрат-шижоати, матонати туфайли ана шундай мўъжизалар яратилди. Эндиликда ушбу йўлларни электрлаштириш ишлари ҳам авж паллага кирди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Мароқанд — Қарши темир йўли тўлиқ электрлаштирилган бўлса, ҳозирги кунда Қарши — Термиз участкасида лойиҳа доирасидаги ишлар қизғин давом эттирилмоқда. Умумий узунлиги 325 километрлик ушбу йўналишда электр-монтаж ишлари босқичма-босқич бажарилаяпти. Бу жараёнга ўтган йилнинг сентябрь ойида киришилган бўлиб, темир йўлчиларимиз томонидан Қаршидан Деҳқонободгача бўлган 90 километрга яқин масофа тўлиқ электрлаштирилди.
Деҳқонобод вокзалида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Қарши — Тошгузар — Деҳқонобод темир йўл участкаларида электрлаштириш ишлари якунланишига бағишланган тантанали маросим ташкил этилди. Унда темир йўлчилар, қурувчилар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди. Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мазкур темир йўлда амалга оширилган тадбирлар нафақат ҳудуд, балки юртимиз тараққиётига хизмат қилиши билан алоҳида ажралиб туради.
— Шундай улкан ва самарали лойиҳа ижросида иштирок этганимиздан жуда мамнунмиз, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “1-сонли энергомонтаж поезди” унитар корхонаси раҳбари Анвар Сафарбеков. — Ишчи, техник ва мутахассислардан иборат аҳил жамоамизнинг ғайрат-шижоати билан тўрт ой давомида 2000 та темир-бетон устун, 1800 та консол, 167 та металл кўндаланг кесмалар, 224 километрлик туташтириш тармоқлари қуриб битказилди.
Айтиш жоизки, лойиҳага кўра, 2017 йилда Термизгача бўлган темир йўлда электрлаштириш ишлари тўлиқ якунланади ҳамда замонавий электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилади.
— Аввало, Деҳқонобод тоғларини ёриб темир йўл ўтказилиши ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳиятини кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб, бу ерда бажарилаётган модернизациялаш жараёнлари темир йўлчиларимиз маҳорати янада юксалаётганидан далолат беради, — дейди Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсонбой Ражабов. — Чунки айнан шу темир йўл туфайли Деҳқонобод туманининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари кенгайди. Бу ерда яшаётган аҳоли турмуш шароити янада яхшиланди. Ваҳолонки, илгари атрофи тоғу тошлардан иборат бўлган туман аҳолиси учун транспорт масаласи ўта долзарб эди. Темир йўл туфайли эндиликда уларнинг орзу-ҳаваслари ижобат бўлаётир. Шу маънода, мазкур воқеани биз, қашқадарёликлар, шу жумладан, деҳқонободликлар учун тарихий аҳамиятга эга байрам туҳфаси, десак, айни муддао бўлар эди.
Тантанали тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев сўзга чиқди.


Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бахтиёр болалик саодати Барака ойи »