Бахтиёр болалик саодати
  • 01 Январь 2017

Бахтиёр болалик саодати

Юртимиз тараққиёти, унинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиб бориши, кўп жиҳатдан, бугун камолга етаётган ёшларнинг ақл-заковати, билим-тафаккури ва ғайрат-шижоатига боғлиқ. Шу маънода, мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан навқирон авлод тарбиясига энг устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бундай юксак эътибору ғамхўрлик оғушида камолга етаётган фарзандларимиз юз-кўзидаги шодлик, дилидаги эзгу орзу-ниятлар Янги йил шодиёналари арафасида юртдошларимизга хушкайфият улашиб, қалбида шукроналик ҳиссини жўш урдираяпти.
Айни пайтда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида айём томошалари учун эртакмонанд безатилган майдонлар ташкил этилган. Айниқса, истиқлол йилларида эзгу анъанага айланган “Президент арчаси” тантаналари беғубор тилаклар билан яшаётган кичкинтойларимизга олам-олам хурсандчилик бағишлади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа бир қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирларга ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари таклиф этилди.
Чунончи, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида бўлиб ўтган “Президент арчаси” тадбирида болажонларга Президент совғалари топширилди. Безатилган арча атрофида эзгуликка чорловчи турли эртак қаҳрамонлари эртамиз эгалари учун байрам қувончини тақдим қилди. Театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди.
Урганч шаҳрида ҳам “Президент арчаси” байрам тадбири юксак савияда ўтказилди. Бу ерда жам бўлган 382 нафар ўғил-қизга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ўқув қуроллари, ширинликлардан иборат байрам совғалари топширилди.
Бадиий жамоалар томонидан тайёрланган театрлаштирилган байрам томошалари, турли эртак қаҳрамонларининг чиқишлари болажонларда катта таассурот қолдирди.
— “Президент арчаси” мамлакатимизда ҳар бир фарзанд юксак эътибор ва ғамхўрлик оғушида вояга етаётганининг яна бир ҳаётий ифодасидир, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тиллаев. — Мўъжизавий байрам болаларга бениҳоя шодлик ҳамда хурсандчилик олиб келди.
Самарқанд шаҳридаги байрам тадбирига вилоятдаги Меҳрибонлик уйлари, SOS — болалар маҳалласи тарбияланувчилари, Ватанимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари, ота-она қаровисиз қолган болалар таклиф этилди.
— Президентимизнинг бизга аталган Янги йил совғалари кўнглимни тоғдек кўтариб юборди, — дейди Самарқанд шаҳ-ридаги 9-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси П. Саидова. — Бизга кўрсатилаётган ана шундай чексиз меҳр-муҳаббат учун уларга раҳмат айтаман. Келажакда Ватанимизнинг янада тараққий этишига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.
Термиз шаҳридаги “Турон” ҳамда Денов туманидаги “Ораста” тантаналар уйида ҳам “Президент арчаси” байрам тадбирлари юксак савияда ўтказилди. Байрам тадбирида болаларга Президентимизнинг Янги йил совғалари топширилди. Жозибали куй-қўшиқ ва рақслар, қизиқарли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна кўринишлари барчага ўзгача завқ -бағишлади.
Жиззах вилоятида ҳам Янги йил байрами қувончли тарзда кутиб олинди. Хусусан, буни вилоят марказидаги “Висол” тантаналар мажмуасида ўтказилган “Президент арчаси” байрами тадбирларида қатнашган Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган оилалар, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган осойишталик посбонлари фарзандларининг юз-кўзларида ҳам кўриш мумкин. Тадбирда болажонларга Президентимизнинг Янги йил совғалари берилди.
Фарғона шаҳридаги Театр-концерт саройида бўлиб ўтган “Президент арчаси” тадбирлари болажонларда унутилмас хотиралар қолдирди. “Кумуш қиш қиссаси” деб номланган байрам дастурида турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган томошалар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, таълим муассасалари қошидаги бадиий жамоалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, айниқса, Президент совғасини олиш болакайларга олам-жаҳон севинч ҳадя қилди.
Андижон вилояти болалар қўғирчоқ театрида уюштирилган “Президент арчаси” шодиёналари ўғил-қизларимизнинг шўх-шодон ўйин-кулгилари билан ўзгача руҳда кечди. Байрам тадбирида турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган томошалар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, таълим муассасалари қошидаги бадиий жамоалар чиқишлари гулдурос олқишлар билан кутиб олинди. Байрам тантаналарида 700 дан зиёд болага давлатимиз раҳбарининг ўқув анжомлари, турли ширинликлардан иборат совғалари тарқатилди.
Бундай тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ана шундай юксак савияда ўтказилди.


«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn