«Янги йилни янги уйда кутиб олдик»
  • 01 Январь 2017

«Янги йилни янги уйда кутиб олдик»

дейишмоқда Ўрта Чирчиқ туманидаги Нурафшон маҳалласида бунёд этилган замонавий тураржойларга кўчиб ўтган 42 та оила аъзолари

Кенжа ўғли Расулжоннинг уйли-жойли бўлганидан қувончини ичига сиғдира олмай, ҳар икки гапининг бирида миннатдорлик туйғуларини билдираётган Комилжон Муродов рафиқаси Шоира опа билан яхши ниятнинг ижобат бўлишига яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Чунки улар бир йил аввал Янги турмуш маҳалласидаги чоғроққина ҳовлисида уч оила, яъни икки ўғил ва келинлари, бир этак набиралари билан Янги йилни қаршилаётганларида келгуси айёмни фарзандларидан бирининг ҳовлисида нишонлашни чин дилдан ният қилган эдилар. Орзулари рўёбга чиқиб, кенжа ўғлининг уйида байрам дастурхони ёзилди. Оилавий тадбир уй тўйига уланиб кетди.
— Битта хонадонда кўплашиб яшашнинг ўзига яраша мураккабликлари бўлади, — дейди Комилжон ота. — Ана шу муаммо ечимини топиш учун маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат этгандик. Яшаб турган шароитимиз маҳалла фаоллари, туман Кенгаши депутатлари томонидан ўрганилганидан сўнг ўғлимга янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойлардан бирини ажратишди. Бугун орзуимиз рўёбга чиққанидан жуда бахтиёрмиз.
Расулжон Муродов турмуш ўртоғи ҳамда бир нафар фарзанди билан кўчиб кирган уй шинам, файзли, барча шарт-шароитга эга. Икки сотих майдоннинг тенг ярмига бир қаватли иморат тушган. Бири-бирини такрорламайдиган меҳмонхона, ётоқхона ва болалар хонаси, ошхона замонавий услубда жиҳозланган. Иморатнинг орқа томони эса ҳовли. Унда молхона, тандирхона, қозонхона мавжуд.
Қўшни хонадонга эса 65 ёшли Зебунисо Бекназарованинг боқувчисини йўқотган неваралари кўчиб кирди. Бувининг кўзларида қувонч ёшлари, қўллари дуода. Бу каби хурсандчилик, шоду хуррамликни янги маҳалланинг ҳар бир хонадонида -кузатиш мумкин.
Бундан чамаси икки ой аввал бўш ётган массивда ҳар бири 16 хонадонга, уларнинг 8 таси уч, қолгани икки хонали уйларга мўлжалланган иккита қўшқаватли бино қад ростлади. Унинг ёнидан эса икки сотихли 10 та уч хонали уй-жой қурилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори мазкур тураржойларнинг қурилишига асос бўлди. Қарорда 2017 йилнинг 1 январига қадар 2 ва 3 хонали 26 та кўп қаватли, икки сотихли майдонда 3 хонали 130 та бир қаватли уй қурилиши белгиланган бўлиб, ушбу вазифа пойтахт вилоятида ҳам ўз вақтида, сифатли бажарилди.
“Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмачи сифатида қурилиш моллари ва материалларини, зарур жиҳозларни марказлаштирилган ҳолда қурувчиларга етказиб берганлиги вақтни тежаш, қурилиш сифатини таъминлаш, энг муҳими, иморат таннархини арзонлаштириш имконини берди. Тўртта пудратчи ташкилот — 33-механизациялашган кўчма корхона, “Назира файзли савдо”, “Идеал шанс”,“Тошпўлат строй инвест” масъулияти чекланган жамияти қурувчиларининг ишлари хонадон эгаларига манзур бўлди.
Инжиниринг компаниясининг Тошкент вилояти филиали ходимлари янги ташкил қилинган Нурафшон маҳалласидаги хонадонларга кўчиб келганларни қўшалоқ байрам билан қутлар экан, 2017 йилда вилоят туманларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича яна 1075 та арзон уй-жой қурилишини маълум қилдилар.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn