Остонада қувонч ва омад
  • 01 Январь 2017

Остонада қувонч ва омад

Кириб келган Янги йил мучал тақвими бўйича товуқ йилидир. У 12 та ҳайвоннинг номи билан аталадиган даврий йил ҳисобининг ўнинчиси ҳисобланади.
Бугунги шиддаткор замонда кундалик ҳаётимизни тақвимсиз тасаввур қилиш қийин. Зеро, кун, ҳафта, ой, йил ҳисобини юритиш қадим-қадимдан маълум бўлиб, у Қуёш, Ой ва сайёраларнинг кўринма ҳаракати, кун билан тун алмашинуви, ой ўзгариши ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланишига асосланган. Ҳатто ўтмишда муҳим воқеа-ҳодисаларни белгилаб борадиган тақвимбошилар ҳам бўлган.

Туркий халқлар фойдаланган тақвимлар қадимий ҳисобланиб, улар орасида мучал ҳисоби алоҳида ажралиб туради. Бу ҳақда Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарларида қимматли маълумотлар берилган. Олимлар эса 60 йиллик циклга эга мазкур 12 йиллик ҳисоб қадимий эканлигининг исботи сифатида Ўрхун-Энасой битикларини келтиришади. Сабаби, унда йиллар мучалдаги жониворлар номлари билан қайд этилади.
Мучалга хосиятли жониворлар киритилган. Булар — сичқон, сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз. Бироқ ушбу рўйхат баъзи халқлар томонидан ўзгартирилиб, айрим ҳайвонлар ўрнига бошқаси киритилган ҳоллар ҳам учрайди. Мисол учун, балиқ ўрнига Хитойда афсонавий аждаҳо, Африкадаги айрим элатлар орасида тимсоҳ жой олган. Мисрда эса сичқон ўрнига мушук, от ўрнига эшак киритилган.
Қадимий ривоятларга қараганда, мучал йил ҳисобидаги ҳар бир йилда муайян воқеа-ҳодисалар содир бўлади. Масалан, илон йилида об-ҳаво совуқ ва қуруқ келса, тўнғиз йилида ёғингарчилик кўп бўлар эмиш. Шу маънода, товуқ йилининг хосияти қандай?
Маълумки, товуқ — етти хазинанинг бири. Халқимизда бежиз у “ҳам ёвғон, ҳам дори-дармон” дейилмайди. Чунки товуқ парваришланган хонадонда гўшт, тухум сероб бўлади. Бу парҳез маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилган кишига эса касаллик яқин йўламайди. Шунинг учун паррандалар ичида товуқ ўзгача қадрланади. Бу кўплаб миллий ўйинларимизда ҳам ўз аксини топган. Буларнинг замирида эса узоқ йиллар мобайнида исботини топиб келаётган бир ҳақиқат — товуқнинг серхосият эканлиги, унинг номи билан аталувчи йил қут-баракали келиши мужассам.
Узоқ йиллик кузатишларга қараганда, товуқ йили ёрқин воқеа-ҳодисаларга жуда бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Негаки, у табиатан серғайрат бўлиб, чарчаш нималигини билмайди. Тинимсиз ҳаракат, фидокорона меҳнат юксак муваффақиятлар сари имкониятлар эшигини кенг очиб беради. Товуқнинг шу каби хислатлари боис у сигир ва илон билан бирга, мучалдаги иккинчи учликдан жой олган.
Табиат ошуфталарининг эътироф этишича, товуқ йилида об-ҳаво жуда қулай келган. Қиш ҳамда баҳор фаслларида ёғингарчилик нисбатан кўп кузатилгани туфайли деҳқончиликнинг ривожини, чорванинг барорини берган. Айниқса, ғалла ва бошқа озиқ-овқат экинларидан баракали ҳосил йиғиштириб олинган.
Ривоятларга қараганда, мучалга киритилган ҳайвонларнинг хосиятлари туғилажак фарзандлар феъл-атворида ҳам намоён бўлар эмиш. Хусусан, товуқ йилида таваллуд топганлар очиқ кўнгиллиги, тўғрисўзлиги, меҳнатсеварлиги, уддабуронлиги, садоқатлилиги билан ажралиб туради. Шу боис улар орасидан тадбиркор, ижодкор, ўқитувчи, шифокор кўп чиққан.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, товуқ мучали соҳиблари сайру саёҳатни, эркинликни хуш кўради. Ҳиссиётга берилувчанлиги эса айрим ҳолларда панд бериб қўйиши ҳам бор гап. Аммо меҳнатсеварлиги, оилапарварлиги, одамларга -яхшилик қилишни хуш кўриши туфайли атрофдагиларнинг тезда меҳрини қозона олади.
Бу йил, айниқса, тадбиркор ва ижодкорларга улкан муваффақият олиб келиши кутилаяпти. Шунингдек, мода оламида ҳам янгиликлар бой бўлади. Товуқнинг унсури олов, ранги қизил эмасми, бошланган йилда қизил, алвон, олов, қўйингки, ёрқин ранглар урфга кириши айтилмоқда.
Умуман, юртдошларимизнинг кириб келган Янги йил — товуқ йилидан умидлари катта, режалари эса кўп. Ниятимиз, унинг ҳар бир куни қувонч ва омадга бой бўлсин!


С. ИБОДУЛЛАЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn