Нуронийлар — эл ардоғида
  • 31 Декабрь 2016

Нуронийлар — эл ардоғида

Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароит яратилиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўтган даврда бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишлар кекса авлод вакиллари ўз ҳаётидан мамнун бўлиб умргузаронлик қилаётганларида яққол ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг кеча матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада -такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Бинобарин, кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган мазкур Фармонда қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини юксалтириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун кўмаклашиш, тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини ошириш каби вазифалар ўрин олгани эътиборга молик. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг корига яраш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, ҳаётини мазмунан бойитиш йўлидаги ишларни кучайтириш ҳамда самарасини оширишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда катта ҳаётий тажрибага эга кекса авлод вакилларининг ўрни ҳамда таъсири беқиёсдир. Шу нуқтаи назардан, Фармонда оқсоқоллар, кексалар ва фахрийларни ёшларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига, Ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш масалаларига алоҳида урғу берилгани диқ-қатга сазовор.
Шунингдек, кексалар турмуш сифатини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда оилаларда хотиржамлик ва осойишта муҳитни таъминлаш, фаол кексаларни боласи бор муаммоли оилаларга бириктириш каби йўналишларда ҳам муҳим чора-тадбирлар белгилангани фахрийларимизнинг юртимиздаги тинчлик ҳамда тотувликнинг қадрига етиш, оиладаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ибратли ишлари кўламини янада кенгайтиради, десак, асло янглишмаймиз. Зеро, қарияларимизнинг панд-насиҳатлари билан камол топган фарзандларимиз қалбида она-Ватанга дахлдорлик, бурч ва масъулият ҳисси янада кучаяди.
Касалликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда даволаш учун 2,8 миллион нафар кекса ёшдаги фуқароларнинг ихтисослаштирилган тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилиши, бириктирилган патронаж ҳамширалари томонидан саломатликлари доимий назорат қилиниши ва шу орқали кекса ёшдаги фуқаролар орасида касалликлар профилактикаси чоралари кенгайтирилиши, 15,5 минг нафар ёлғиз кексаларнинг турмуш сифати ҳамда даражасини уларга шахсий ижтимоий ходимларни бириктириш орқали ошириш каби қатор вазифалар белгилаб берилгани ҳам, аввало, нуронийларимизнинг сиҳат-саломатлиги барча нарсадан устун, деган ҳаётий тамойилни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Албатта, мазкур вазифаларни амалга оширишда масъул идоралар, умуман, барчанинг, шу жумладан, биз, депутатлар фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқдир. Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий муҳофазасига қаратилган қатор қонунларни инвентаризациядан ўтказиб, бугунги куннинг талабидан, мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларимизни ишлаб чиқишимиз зарур. Бу саъй-ҳаракатлар, албатта, кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ҳамда ёлғиз қарияларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришга кўмак беради.


Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn