Болажонлар қалбида бир олам қувонч
  • 30 Декабрь 2016

Болажонлар қалбида бир олам қувонч

Мамлакатимизда Янги йил байрами шукуҳи ҳукмрон. Юртдошларимиз кайфияти янада кўтаринки, нигоҳларида қувонч, чеҳраларида мамнунлик ифодаси яққол сезилиб турибди. Айниқса, болажонлар шодлигининг чегараси йўқ. Айни пайтда қишки таътилга чиққан ўғил-қизларнинг бу паллани мароқли ва мазмунли ўтказиши учун давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Юртимизнинг ҳар бир гўшасида айём томошалари учун эртакмонанд безатилган майдонлар ташкил этилгани юксак эъзознинг ёрқин ифодаси, десак, тўғри бўлади. Кўркам арча атрофида кексаю ёш рақсга тушиб, театр ижодкорлари томонидан қўйилаётган саҳна кўринишларини мириқиб томоша қилмоқда. Агар кечки маҳал сайрга чиқсангиз, ўзига хос ёрқин рангдаги чироқлар, улардаги тасвирлар кайфиятингизга кайфият қўшади.
Якунига етаётган йилда болажонлар учун бир қатор эзгу тадбирлар уюштирилаётир. Бу борада анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент арчаси” байрам тадбирларининг аҳамияти беқиёс.
Мазкур тадбирни мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида қизғин тайёргарлик кўрилди.
— “Президент арчаси” шодиёналари нафақат пойтахтимизда, шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда кўтаринки руҳда ўтказилаяпти, — дейди Халқ таълими вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла Даминов. — Жойларда ўғил-қизларга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 12 турдаги ўқув қуроллари, ўйинчоғу ширинликлардан иборат байрам совғалари топширилаётир. Зеро, меҳр-мурувват ифодаси бўлмиш ушбу ташаббус юртимизда ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оғушида эканлиги ифодасидир.
...Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройидамиз. Бу ерга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-онасиз ёки уларнинг қаровисиз қолган болалар “Президент арчаси” томошаларининг илк меҳмонлари сифатида таклиф қилинган. Сарой фойесида байрамона ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган арча атрофида улар Янги йил қаҳрамонлари, таниқли санъаткорлар билан бирга куй-қўшиқлар, ҳазил-мутойибаларда фаол қатнашишмоқда. Интеллектуал ўйинда ўзининг юқори билимини кўрсатган, А. Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Азиз Расуловни суҳбатга тортамиз.
— Маза қилиб ўйнаяпмиз, кайфиятимиз аъло, —  дейди у. — Сизга масканимиз ҳақида айтиб берайми? Бизда барча фанлар чуқур ўргатилади. Мен инглиз тили, алгебра, геометрияни ўрганаяпман. Бундан ташқари, спорт тўгаракларига мунтазам қатнайман. Айниқса, футбол жону дилим.
— Келажакда ким бўлмоқчисан? — сўраймиз.
— Ҳарбий хизматчи.
Муҳташам саҳнада “Томоша” болалар театр-студияси аъзолари ижросида “Мўъжизалар олами” номли мюзикль намойиш этилаяпти.
— Мусиқий эртагимиз қизиқарли ва саргузаштларга бой, — дейди ушбу театр-студия бадиий раҳбари Нодира Қурбонова. — Бу галги спектаклда асосий эътибор болажонларни ватанпарвар бўлиб камолга етиши, пухта билим эгаси бўлиши, кашфиётлар қилиши ва энг асосийси, китоб билан дўстлашишига қаратилган. Саҳна асарида 120 дан ортиқ ўғил-қизлар турли ролларни ижро этмоқда. Эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари ҳам уларга манзур бўлаяпти, деган умиддамиз.
Жойларда ўтказилаётган “Президент арчаси” байрам томошаларида ўн мингдан зиёд болалар қатнашмоқда.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ
олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn