Ватанимизнинг улуғвор тимсоли
  • 28 Декабрь 2016

Ватанимизнинг улуғвор тимсоли

28 декабрь — Мустақиллик ва эзгулик монументи очилган кун.

Инсон борки, она тупроғи, азиз Ватани билан фахрланади. Унинг ютуқларидан қувонади, тараққиётига ҳисса қўшишни олий мақсад, деб билади. Бинобарин, мамлакатимиздаги беқиёс янгиланишлар ҳар биримизга чексиз ғурур бахш этади. Айниқса, азим пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилган ишларнинг кўлами кишини ҳайратга солади, битмас-туганмас завқу шавқ улашади.
Бугун Тошкент шаҳри чиройда тенгсиз, таровати ҳузурбахш, фароғати қалбларда акс садо беради, десак, муболаға эмас. Хусусан, Мустақиллик майдонида олиб борилган яратувчанлик амаллари ушбу сўлим ва улуғвор майдоннинг нафақат манзарасини, айни чоғда мазмун-моҳиятини ҳам тубдан ўзгартириб юборди.
Мустақиллик майдони ҳар бир ватандошимиз учун азиз ва мўътабар бўлиб, Ўзбекистонимизнинг чинакам тимсолига айлансин. Барчамизнинг истагимиз шуки, Бош майдонимиз асрлар давомида халқимизга хизмат қилиб, элимизнинг, юртимизнинг эзгу интилишларини бутун дунёга намоён этсин, деган эди Биринчи Президентимиз.
Халқимизнинг озод ва обод ҳаёт, эркин ҳамда фаровон келажак барпо этишдек улуғвор интилишларини теранроқ ифодалаш, ёшларимизнинг маънавий оламини эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтириш мақсадида 2005 йили Мустақиллик майдонида Эзгулик аркаси бунёд этилиб, бахтиёр она сиймоси ифодаланган ҳайкал ўрнатилди ҳамда ушбу мажмуага ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ҳамда эзгу ниятларимиз рамзи — “Мустақиллик ва эзгулик монументи” деб ном берилди.
Мустақиллик ҳамда эзгулик эгизак тушунчалардир. Халқимиз истиқлолни қанчалар улуғласа, фарзандларни ёруғ дунёга келтирган оналарни ҳам ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули, деб эъзозлайди. Онани ардоқлаш — миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Мазкур икки қадрият замирида халқимизнинг асрий интилишлари, эзгу орзу-умидлари мужассам.
Муаззам майдон ранго-ранг гуллари, дарахтлари билан ҳам кўзни қувонтиради. Кундузи қуёш нурида, тунлари турфа чироқлар шуъласида жилоланувчи фавворалар майдон ҳавосини мўътадил сақлайди.
Мустақиллик майдони Эзгулик аркасидан бошланади. Унинг тепасидаги оппоқ лайлаклар тинчлик ва фаровонликни, қанот қоқаётган турналар давлатимизнинг порлоқ келажак сари дадил парвоз қилаётгани тимсолидир.
Бу ердан мактаб ўқувчилари, талабалар, нуроний отахону онахонлар, хорижлик сайёҳлар, турли касб-кор эгаларининг қадами узилмайди. Зиёратга келган юртдошларимиз Мустақиллик ва эзгулик монументидаги Ер курраси тасвирида алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон харитасини кўриб, ғурур-ифтихор туйғуларини ҳис этади. Фарзандини бағрига босиб турган бахтиёр она сиймосида ўз онасини, беғубор болалигини кўргандек бўлади.
— Яқинда ўқувчиларим бир таклифни айтишди, — дейди Қибрай туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси -Шоҳида ўуломова. — “Устоз бизни пойтахтимиздаги музейларга, Мустақиллик майдонига олиб боринг, телевизорда кўрсатаётган чиройли жойларни ўз кўзимиз билан кўрайлик” дейишди. Бажонидил рози бўлдим. Саёҳатимизни эзгу орзу-умидларимиз тимсоли бўлмиш Бош майдондан бошладик. Бу ердаги одамларнинг қувончи, самимияти, табассуми бизга ҳам таъсир қилди. Эзгулик аркасини, Хотира майдонини сайр қилдик, суратларга тушдик.
Мустақил ҳаёт остонаси сари қадам ташлаётган келин-куёвлар пок ниятлар билан Эзгулик аркасидан ўтиб, бахтиёр она пойига гул қўяркан, унинг сиймосида беғубор орзу-умидларини кўргандек бўлади. Мустақиллик ва Эзгулик — ёшларга аждодлардан мерос қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш масъулиятини англайди.
— Ушбу муаззам майдондаги ҳар бир обида истиқлолимиз ва истиқболимиз рамзи сифатида қалбимизни ифтихорга тўлдириб турибди, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Афзал Рафиқов. — Бугунги кунга келиб пойтахтимизнинг нафақат ушбу масканида, балки ҳар бир манзилида янги бир сифат, янги бир ноёб фазилат намоён бўлмоқдаки, бу шаҳримиз ҳар қанча қадимий бўлмасин, кундан-кунга яшариб бораётганини кўрсатади. Мустақиллик йилларида барпо этилган янги кўчалар, хиёбонлар, бири-биридан гўзал иморатлар, спорт иншоотлари, ўқув юртларининг саноғига етмайсан киши. Беихтиёр улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темурнинг “Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг!” деган сўзларини такрорлагинг келади.
Пойтахтимиздаги иншоотларнинг салобати ўзига хос, таровати бетакрор. Бинобарин, Мустақиллик ва эзгулик монументи чуқур мазмун-моҳияти билан юртдошларимиз қалбига истиқлолнинг нақадар улуғ неъмат, уни асраб-авайлаш энг муқаддас -бурчимиз эканини англатиб туради. Бу улуғвор мажмуа халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг ғурур-ифтихорини янада юксалтиришга хизмат қилади.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn