Доимий ва очиқ мулоқот
  • 28 Декабрь 2016

Доимий ва очиқ мулоқот

фуқаролар манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилидир

Эркин ва фаровон давлат қуриш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти ва аҳамиятига кўра тобора кенг қамров касб этмоқда.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам барча соҳада инсонпарвар, демократик тамойиллар устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон шаънини улуғлаш, айниқса, давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш мақсадлари мужассамлашган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда шу йилнинг 14 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиши муносабати билан ўтказилган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида айни йўналишларда бир-бирини тўлдирувчи аниқ вазифалар, концептуал ёндашув ҳамда қатъий хулосалар асосида самарали таклифлар илгари сурилди. Буларни кенг жамоатчилик катта мамнуният билан эътироф этаётгани, халқимиз эртанги кунга янада ишонч билан қараётгани бежиз эмас.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Асосий Қонунимиз негизида қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлар экан, қонунларнинг тўлиқ ижросини кафолатлаш механизмларини кучайтиришга оид ўткир муаммони кун тартибига қўйди. “Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолмоқда. Бу ҳолат мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак” деди Президентимиз.
Айниқса, охирги уч йилда давлат органларининг 157 қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилгани ғоятда -таассуфли. Бу давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тубдан яхшилаш, раҳбар ва мансабдор шахсларнинг биринчи навбатда қонунийлик ҳамда адолат мезонларига таяниб, инсон манфаатларини, халқ фаровонлигини кўзлаган ҳолда иш олиб бориш билан боғлиқ масъулиятини янада оширишни тақозо этади.
Шу маънода, халқ билан доимий ва очиқликка асосланган мулоқотларнинг, одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда янгича механизмларнинг йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этади. 2017 йилдан эътиборан барча даражадаги ҳокимликлар, прокуратура ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилиши, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари” ташкил қилиниши шулар жумласидандир.
Қолаверса, ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ҳамда сенаторлар ҳар бир тумандаги ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулосалар бериши, шу асосда Спикер ва Сенат Раиси бошчилигида маҳаллий Кенгашларда муҳокамалар ўтказилиши инсон манфаатларини таъминлашда парламент назоратининг таъсирчанлигини юксалтиради.
Айни пайтда мамлакатимизда вазирлик ҳамда идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фаолияти эндиликда уларнинг халқ билан қандай мулоқот олиб бораётгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланиши демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Аслида ҳам, давлатимиз раҳбари  таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак. Бу — жамиятимизни ислоҳ этиш ва янада демократлаштиришнинг кафолати саналади.
Биз, депутатлар фаолиятимизда асосий эътиборни халқимизни ўйлантираётган масалаларга қаратишимиз, олинган хулосалар ва жамоатчилик таклифларини янги қонунлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш жараёнида татбиқ этишимиз, парламент назорати институтининг самарадорлигини оширишга эришмоғимиз зарур. Ана шунда барча соҳада, энг аввало, фуқаролар манфаатларини ҳар томонлама ва ишончли ҳимоя қилишдек устувор мақсад тўлиқ амалий тасдиғини топади.


Сиддиқ НАМОЗОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn