Одил судлов амалиёти
  • 28 Декабрь 2016

Одил судлов амалиёти

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, Олий суд ҳамда Олий хўжалик суди судьялари, фуқаролик, жиноят ва хўжалик ишлари бўйича вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судлар раислари, ҳуқуқшунос олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Газиев, Олий хўжалик суди раиси К. Комилов ҳамда бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти ҳамда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қаралиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинаётганлигини таъкидлашди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчиллигини таъминлашда Олий суд ва Олий хўжалик суди ўртасида йўлга қўйилган мустаҳкам ҳамкорлик муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Хусусан, ўтган даврда судлар томонидан низоларни кўриб, ҳал этишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари аниқ ҳамда бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди Пленумлари томонидан 5 та қўшма қарор қабул қилиниб, судлар амалиётида изчил татбиқ этилаётгани ана шу ҳамкорлик самарасидир.
Айни чоғда қўшма Пленум қарорлари мунтазам равишда таҳлил қилиниб,  амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиб келинаяпти. Қўшма йиғилиш муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг қўшма қарорларига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳам шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд судьялари, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўз олганлар юртимизда олиб борилаётган қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қилаётганлигини алоҳида -эътироф этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларида янги босқични бошлаб берди.
Ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини тўла таъминлаш орқали фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва пировардида одил судлов самарадорлигини янада оширишдан иборатдир.
Пленум мажлиси муҳокамасига киритилган Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари ҳам ўз моҳиятига кўра инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бўлиб, улар судларда қонун ҳужжатларини аниқ ва бир хилда қўллаш орқали ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади. Жумладан, “Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ ишлаб чиқилди. Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи ўз вақтида қоплаш фуқаролар, муассаса, корхона, ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлатнинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис қарор лойиҳасида суриштирув, тергов органи ва судларга жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш асослари ва тартибига оид қонунчилик талабларига оғишмай амал қилиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.
Ўз навбатида, амалиётдан келиб чиқиб, судларга зарурат туғилганда, ҳукм чиқариш пайтида йўл қўйилган ҳар қандай шубҳа ва ноаниқликларни ҳукм моҳиятини ўзгартирмаган ва маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда ҳал этишга ҳақлилиги хусусида тушунтиришлар кўзда тутилган.
“Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини ижро этишга оид қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳасида юқорида қайд этилган масалаларга доир материалларни судда кўриш тартиби ва муддатлари тўғрисида зарур тушунтиришлар баён этилган.
“Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорнинг амалиётга жорий этилиши судлар ҳамда жазони ижро этиш органлари учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳозирга қадар жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ илтимосномаларни тартибга солувчи бирон-бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмасди. Шу боис ҳам судьялар томонидан ушбу тоифадаги ишларни кўришда муайян муаммоларга дуч келинаётган эди. Мазкур қарор лойиҳасининг қабул қилиниши амалиётдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириб, ушбу масалаларни ҳал этиш имконини беради.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Пленум йиғилишида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn