Меҳнат соҳасидаги долзарб вазифаларга бағишланди
  • 24 Декабрь 2016

Меҳнат соҳасидаги долзарб вазифаларга бағишланди

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуида республика давра суҳбати ўтказилди. Унда бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бундай давра суҳбатлари республикамиздаги барча туман, шаҳар ва вилоятлар миқёсида уюштирилиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид мурожаатларига амалий ечим топилгани, айниқса, аҳамиятлидир. Мамлакат миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар эса республика давра суҳбатида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари эътиборига ҳавола қилинди. Бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш, қишлоқ жойларда пластик карточкалардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш кабилар шулар жумласидандир. 

Анжуман иштирокчилари томонидан мамлакатимизда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш — буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллардир. 

Шу талаблардан келиб чиққан ҳолда, касаба уюшмалари томонидан ҳам ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишлар кучайтирилмоқда. Яъни бугун янги ташкил этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, жамоа шартномаларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича тизимли саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътиборга молик жиҳати шуки, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 

Тадбирда Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида янада бойитиш, шу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида ҳам сўз юритилди. 

— Бугун иш берувчи ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида тузилаётган жамоа шартномалари орқали коллеж битирувчиларига имтиёзлар тизими жорий этилаяпти, янги иш ўринлари яратилаяпти, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш чоралари кўрилмоқда, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Маҳмуджон Исаев. — Айни чоғда меҳнат хавфсизлиги даражасини ошириш, иш жойлари санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, имтиёз ва компенсациялар ўрнатишга жиддий эътибор берилмоқда. Натижада ҳозирги пайтда республикамиз бўйича 14 та ҳудудий, 95 та тармоқ келишуви, 112  мингдан зиёд жамоа шартномалари меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ходимлар учун имтиёз ва кафолатлар яратилишига хизмат қилаётир.

Шу ўринда Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ягона ва марказлашган тартибини жорий этиш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида махсус марказлашган онлайн тизим яратилганлигини айтиш зарур. Меҳнаткашлардан келган жами 6 минг 112 та мурожаатнинг барчаси кўрилиб, улардан 4783 таси қаноатлантирилди, 102 таси ваколатли органларга юборилди. 

Давра суҳбатида галдаги долзарб вазифалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

З. ХУДОЙШУКУРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn