Миллий армиямиз таянчи
  • 24 Декабрь 2016

Миллий армиямиз таянчи

Мамлакатимизда замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган, юртимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ташкил этиш борасида кўлами ва моҳиятига кўра, улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, армиямизда кичик командирлар таркибига бўлган эътибор кучайиб, сержантлик мақоми юксалди.

Бугунги кунда улар аскарларнинг яқин маслакдоши, офицерларнинг биринчи ёрдамчисига айланган. Ҳақиқатан ҳам, ўз бурчини ўтаётган йигитнинг ҳарбий тайёргарлиги ва шайлиги юқори бўлиши кўп жиҳатдан айнан кичик командирларнинг профессионаллик даражаси, интеллектуал салоҳияти ҳамда етакчилик қобилиятига боғлиқ. Биз қуйида миллий армиямиз сафларига малакали кичик командирларни етказиб беришда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби фаолияти ҳамда ўқув жараёни хусусида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Сержантлар давлатимиз мудофаа қобилиятини оширишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни, ҳарбий тартиб-интизомни сақлашнинг муҳим омилига айланган экан, кичик командирларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга. Ўтган вақт мобайнида сержантлар тайёрлаш мактабларини тамомлаган кўплаб мутахассислар барча қўшин турида хизмат қилиб, юксак эътирофга сазовор бўлаяптилар. Бу ҳам уларнинг касбига чексиз муҳаббати, Ҳарбий қасамёдига садоқати ифодасидир.

— Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларга, хусусан, сержантлар корпусига алоҳида эътибор қаратилиб, катта талаблар қўйилмоқда, — дейди подполковник Абдувоҳид Бозоров. — Қувонарлиси, мардлар касбини танлаётганлар юксак ишонч ва масъулиятни ҳис этган ҳолда касб сир-асрорларини пухта ўзлаштиришаяпти. Бизнинг вазифамиз эса юрт посбонларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, билими, профессионаллик даражаси ва малакасини мустаҳкамлаш, соҳадаги илғор тажрибалардан хабардор қилиш ҳамда уларни қўллаш бўйича кўникмаларни ҳосил қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кўп йиллик хизмат ва ҳаётий тажрибага, педагогик маҳоратга эга ўқитувчи офицерларни ўқув жараёнига жалб этишдан иборат. Мактабимиз талаб даражасида ўқув моддий-техника базага эга. Машғулотлар тажрибали офицер ва йўриқчилар томонидан олиб борилмоқда.

Мазкур сержантлар тайёрлаш мактабида кичик командирларга бир қатор мутахассисликлар бўйича таълимнинг янгича услублари асосида сабоқ бериб келинаётир. Ўқув хоналари кўргазмали ўқув қуроллари, электрон макетлар ва ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган. Бу эса машғулотларнинг сифатли, юксак савияда олиб борилишига хизмат қилмоқда. Зеро, шиддат билан ривожланиб, тараққий этаётган бугунги замонда таълим жараёнини илғор компьютер технологияларисиз, машғулот ўтишни инновацион усулларисиз тасаввур қилиш мушкул.

— Сержантлар тайёрлаш мактабида ўқиётганимдан фахрланаман, — дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Азиз Қўшмақов. — Бу ерда ўз соҳамиздан ташқари яна бир қанча мутахассисликлар бўйича билим берилаяпти. Мана, кўриб турганингиздек, компьютер сабоқларини ҳам ўрганмоқдамиз. Қатор тактик ва жанговар тайёргарлик -машқларини юқори технологиялар асосида пухта ўзлаштираяпмиз.

Мардлик масканида кичик командирлар оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, ҳарбий топография, муҳандислик, алоқа тайёргарлиги каби машғулотлар билан бир қаторда, чет тиллари, тарих, ҳарбий педагогика ва психология, демократик жамият қуриш асослари сингари фанлар бўйича ҳам салоҳиятларини оширмоқдалар. Замон талаблари асосида жиҳозланган тренажёр зали ва спорт шаҳарчаси улар ихтиёрида.

Таълим муассасасидаги кутубхонада кичик командирлар учун ҳарбий соҳага доир китоблар, шунингдек, бадиий ҳамда илмий асарлар, республикамизда нашр этилаётган газета ва журналлар мавжуд. 

Илғор жиҳозлар, технологиялар билан таъминланган, янгича шакл ва қиёфадаги сержантлар тайёрлаш мактабидан ҳақиқий ватанпарвар, ҳарбий соҳанинг асл усталари, профессионаллар етишиб чиқаверади. Эътиборлиси, улар нафақат ўқув даврида, балки ҳарбий фаолияти давомида ҳам изланишда бўлишади. Бу эса мусаффо осмонимиз, сарҳад-ларимиз дахлсизлигини таъминлашда жуда муҳим. 

 

Аҳрор ОЧИЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn