Эзгуликка бахшида умр
  • 24 Декабрь 2016

Эзгуликка бахшида умр

Президентимизнинг 2016 йил 7 декабрда имзоланган “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, айни пайтда  мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилмоқда.

Ушбу ҳужжатда ўзбек адабиёти ҳамда маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган -атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ҳамда жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамияти алоҳида таъкидланган. 

Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб уюштирилган анжуманда ҳам ана шу хусусда сўз юритилди. 

“Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги мазкур тадбирда адабиётшунос, тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ҳамда шоирлар, маънавият тарғиботчилари, сўз санъати мухлислари, талабалар иштирок этди. 

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М. Каримов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Ш. Сирожиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, адабиётшунос олимлар Б. Назаров, И. ўафуров, шоирнинг фарзанди Х. Воҳидов ва бошқалар мамлакатимизда маънавиятимизни юксалтириш, ёш авлодни миллий ҳамда умуминсоний эзгу қадриятлар руҳида камол топтиришнинг муҳим воситаси сифатида адабиётга, маънавиятга эътиборни тобора кучайтиришга қаратилган эзгу ташаббуслар изчил давом эттирилаётганини таъкидлашди. 

— Инсон қадри улуғланган юртда яшаймиз, — дейди филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов. — Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз манфаатини таъминлашга қаратилаётганлиги билан янада аҳамиятлидир. Энг муҳими, бундай янгиланишлар одамлар онгу тафаккурига таъсир кўрсатаётганидир. Жойларда бўлганимизда зиёлилардан тортиб, оддий кишилар ҳам бугунги ўзгаришлар жонажон Ўзбекистонимизнинг тараққиётига хизмат қилаётганини якдиллик билан эътироф этишмоқда. Халқ ишончи эса олий саодатдир. 

Айниқса, биз, ижодкорлар кўтаринки кайфиятдамиз. Негаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида ёшларни китобхонликка ўргатиш, ижодкорларимизни бу борада фаол бўлишга ундамоқда. Бунинг замирида сўзга, маънавиятга, маърифатга, зиёлиларга бўлган юксак эҳтиром мужассам, десак, асло муболаға эмас. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрда имзоланган “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам, шубҳасиз, ушбу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.

Адабиётимиз, маънавиятимиз, она тилимиз жонкуяри бўлган Эркин Воҳидов ижодида Ватанни, унинг ҳурлиги ва озодлигини, тинч ва осойишта ҳаётимизни, меҳридарё, танти, меҳнатсевар, орияти баланд халқимизни улуғлаш устувор ўрин эгаллаган. Поклик, меҳр-муҳаббат, олижаноблик, ҳалолликни тараннум этган бу шеърият ёш авлодни -ватанпарварлик, фидойилик, юртга садоқат руҳида тарбиялашдек мақсадларга хизмат -қилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Эркин Воҳидов асарларининг миллий маънавиятимизни янада юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn