Республика Болалар кутубхонасида Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ўтказилган “Ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва одоб-ахлоқ қоидалари назорати” мавзуидаги республика ўқув-семинарида ҳам ана шу ҳақда сўз юритилди.
Ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича мутахассислари, ахборот-ресурс марказлари директорлари, услубчилар қатнашган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини ўрганиш, ўқувчилар ўртасида китобхонлик кўникмаларини ривожлантириш, таълим муассасаларида “Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари”га риоя қилиниши устидан тизимли назорат ўрнатиш масалалари муҳокама этилди.
Айтиб ўтилганидек, ўқувчи-ёшлар ҳамда бевосита аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш устувор вазифалардан бири эканлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бот-бот таъкидлади. Шу маънода, Халқ таълими вазирлиги ушбу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олди.
Бугунги кунда мамлакатимиз халқ таълими тизимида 9576 та ахборот-кутубхона муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 12 таси вилоят, 199 таси туман (шаҳар) ва 928 таси мактаб ахборот-ресурс маркази ҳамда 8648 таси мактаб кутубхонаси ҳисобланади. Уларга жами тўрт миллиондан зиёд ўқувчилар аъзо бўлган. Ушбу муассасаларнинг китоб фонди 20,5 млн. дан ортиқ нусхани ташкил этиб, шундан 215 мингдан ортиғи электрон кўринишдаги адабиётлардир.
Ҳар йили умумтаълим мактабларида “Китобхонлар байрами” тадбирлари доирасида “Адабиёт кунлари”, “Китобим — офтобим”, “Китоб тақдимоти”, “Мактаб — кутубхона — оила — жамоат ташкилотлари” хайрия тадбири, ота-оналар иштирокида ташкил этиладиган “Бир фарзандга уч китоб” акцияси ҳамда “Энг яхши китобхон ўқувчи” ва “Китобхон мактаб” танловлари ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида иқтидорли ёшларнинг китоблари давлат бюджети маблағлари ҳисобига чоп этилиб, мактаб кутубхоналарига етказиб берилаётир.
Бугунги замон воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни, жаҳонда ҳамда ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ҳамда сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Илмий-амалий конференцияда китобхонликнинг бугунги аҳволи ва муаммолари, китоб ҳамда китобхонлик маданияти, электрон кутубхоналар ва хизмат кўрсатишнинг инновацион йўналишлари хусусида фикр алмашилди.
Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.