Дастурхонимиз файзу баракаси
  • 23 Декабрь 2016

Дастурхонимиз файзу баракаси

Мамлакатимизда Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш тараддудидаги халқимизга янада кенг қулайлик яратиш, аҳолини сифатли, айни чоғда арзон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида деҳқон бозорларида савдо-ярмаркалари ташкил этилди. Бу саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ҳамда фермерларнинг республикамиз аҳолисига ўзига хос байрам туҳфасидир.

Дарҳақиқат, бугун қайси деҳқон бозорига борманг, расталар фермеру соҳибкорларнинг фидокорона меҳнати эвазига етиштирилган ноз-неъматлар, улар асосида тайёрланган маҳсулотлар билан тўла. Сархил мева, полиз ва сабзавотлар, картошка, гўшт, гуруч ҳамда бошқа истеъмол товарларининг сероблигини, нархининг эса арзонлигини айтмайсизми?! Жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган бундай маъмурлик, тинчлик ва тотувлик мустақиллик шарофати, истиқлол берган бебаҳо неъматдир.

Юртдошларимизнинг эса юз-кўзларида бугунги дориламон кундан мамнунлик, эртасига бўлган ишонч ҳисси зуҳр этган. 

“Қўйлиқ деҳқон бозори” акциядорлик жамиятида бўлган киши бу ердаги файзу барака, маъмурчиликни кўриб, қулфи дили очилади. Айниқса, байрамолди савдо-ярмаркалари одамлар билан гавжум. Сабаби, бу ерда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси сингари бир қатор ташкилотлар тизимидаги корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва Тошкент вилоятлари фермер хўжаликлари сара маҳсулотлари билан иштирок этаяпти. 

Сотувчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Ҳали картошка, пиёз тортади. Кимдир гуруч, бошқаси гўшт сўрайди. Чиройли қилиб териб қўйилган мева-чева растаси олдидан эса ҳеч ким бефарқ ўта олмайди. Сут ва сут маҳсулотлари, колбаса ҳамда гўшт маҳсулотлари юқори сифати, арзонлиги билан кишини жалб қилади.

— Ҳар кунги ишимиз, мана шундай, ўта қизғин кечади, — дейди сотувчи Амирхон Мардонов. — Кўриб турганингиздек, мева ва полиз маҳсулотлари сотаман. Олма, анор, нок, беҳи, қовун, тарвуз. Бундан ташқари, цитрус мевалар ҳам бор. Уларнинг барчаси арзон нархларда тақдим этилаяпти. Бундан, айниқса, харидорлар мамнун. Сизга айтсам, талашиб-тортишиб савдо қилишнинг ҳам ўз завқи бор. Нарх-навонинг арзонлигига асосий сабаб — жорий йилда юртимиз боғбону соҳибкорлари томонидан мўл ҳосил етиштирилганидир.

Акциядорлик жамиятининг Савдо ва ижара бўлими бошлиғи Наргиза Орипованинг таъкидлашича, бозорнинг аҳоли учун қулай ҳамда гавжум бўлган иккита ҳудудида байрамолди савдо-ярмаркаси ташкил этилган. Расталар барча турдаги маҳсулотлар, ҳатто писта, бодом, ёнғоқ, туршак, баргак каби қуруқ мевалар билан тўлдирилган. Уларнинг нархи бозордагига нисбатан 30 фоиз арзонлиги эътиборга моликдир. Яна бир қулайлиги шундаки, барча савдо нуқтаси тўлов терминаллари билан таъминланган. Натижада кунига ўртача 150 миллион сўмлик маҳсулот сотилаяпти. 

— Нималар харид  қилдингиз? — дея сўраймиз харидорларнинг биридан.

— Олма, узум, беҳи ва қовун олдим, — дейди ўзини Бахтиёрхон Нурматов деб таништирган киши. — Барака топишсин, бизга шундай қулайлик яратиб беришди. Нарх-наво арзон. Масалан, олманинг килоси 1,5 минг сўмдан 3 минг сўмгача. Бошқа маҳсулотлар, хусусан, гўштнинг ҳам баҳоси кўнгилдагидек. Унинг килосини 20 минг сўмдан олдик.       

 Айтиш жоизки, ярмаркада Наманган ва Тошкент вилоятларидаги фермер хўжаликлари фаол иштирок этаётган бўлиб, улар томонидан кунига 2 тонна 600 килограмм гўшт маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, паррандачилик корхоналари томонидан пойтахт аҳолиси байрам дастурхони учун ҳар куни ўртача 135 минг дона тухум, шунингдек, парҳез гўшт мақбул нархларда тортиқ қилинаётир.  

— Бозорларимизни айланиб, оддий бир харидор сифатида кўнглим тоғдай кўтарилади, — дейди Гулнора Икромова. — Энг аввало, расталарда ҳамма нарса бор — излаганингизни топасиз. Уларнинг арзонлигидан бир суюнсак, одамларнинг харид қобилияти ошиб бораётганига гувоҳ бўлиб, ўн чандон қувонамиз. Булар юртимизнинг ривожланаётгани, аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий тасдиғи, албатта. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқарма бошлиғи Баҳодир Юнусовнинг билдиришича, компания таркибига кирувчи 40 та корхона пойтахтимиздаги 12 та деҳқон бозори, шу жумладан, “Қўйлиқ деҳқон бозори” акциядорлик жамиятида ташкил этилган савдо-ярмаркаларига жалб қилинган. Улар томонидан сут ва сут маҳсулотлари, колбаса, консерва, шарбат ҳамда қандолат маҳсулотлари, жами 120 хилдаги  истеъмол товарлари етказиб берилаяпти. Натижада савдо ҳажми ярмарка очилганидан буён ўтган қисқа давр ичида 1 миллиард 474 миллион сўмликка етди. 

Тошкентдаги бошқа бозорларда бўлган киши ҳам шундай файзу баракага гувоҳ бўлади. Бинобарин, байрамолди савдо-ярмаркасининг ташкил этилгани аҳолига янада қулайлик яратиб, савдо маданиятини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилаётир. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми, эътибор ва чексиз ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.  

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn