«Ўзбекистон фуқароси бўлганимдан фахрланаман»
  • 23 Декабрь 2016

«Ўзбекистон фуқароси бўлганимдан фахрланаман»

Фуқаролик паспортимизнинг сўнгги бети — муқоваси ичига “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида битилган. Қаддимизни тоғдек кўтарадиган сатрлар! Зеро, бу ёруғ оламда мустақил юрт фарзанди эканлигимиз, бошимизга ташвиш тушса, ғамхўрлик қиладиган Ватанимиз борлиги — чинакам бахт! Шу маънода, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармон халқимиз томонидан фуқаролар тақдирини белгилаб берган ҳужжат сифатида катта хурсандчилик билан кутиб олинди.

Айни пайтда бундай юксак шарафга, мақомга эга бўлган 179 нафар шахс, уларнинг яқинлари қалби ҳаяжон, қувонч, мамнуният ва шукроналик ҳисларига лиммо-лим. Буни қуйидаги дил сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди.

Зулфия МЎМИНОВА, (Бухоро шаҳри):

— Мазкур Фармон катта бир орзуим рўёбига йўл очди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндим. Бундан нафақат мен, балки оиламиз аъзолари, қариндош-уруғлар, касбдошларим ҳам жуда хурсанд.

Асли бухороликман. Шу қадимий шаҳарда ўсиб-улғайдим. Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети)да таҳсил олдим. Кейин эса тақдир тақозоси билан қўшни республикада яшовчи йигитга турмушга чиқдим. Ҳаётнинг пасту баланди, қувончу ташвишини кўрдим. 1992 йилда оиламиз аъзолари билан она юртим — Бухорога кўчиб келдик. Шундан буён Ўзбекистонда яшаб, шаҳримиздаги 14-умумтаълим мактабида ёш авлод таълим-тарбиясига ўз ҳиссамни қўшиб келаяпман. Фарзандларим ҳам шу ерда катта бўлишди. Бири Бухоро муҳандислик-технология институтида ўқиб, ҳозирги кунда нуфузли ташкилотлардан бирида менежер сифатида фаолият юритмоқда. Яна бири Бухоро туризм коллежида ўқитувчилик қилаяпти. Қизим эса коллежни тугатди. Барчамиз шу юрт равнақи учун куч-ғайратимиз, шижоатимизни аямаймиз. Чунки биз сув ичган илдизлар шу ерда. Раҳматли отам бир умр шифокорлик касбини ардоқлаб, юзлаб юртдошларимиз дардига дармон бўлган. Онажоним эса қирқ йил мактабда меҳнат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураяпти. Қўллари дуода. Менинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганимни эшитиб, у киши бирам суюндиларки, асти қўяверасиз. Шундай бағри кенг, меҳр-оқибатли мамлакатнинг фарзанди, тенг ҳуқуқли фуқароси эканимдан ғурурланаман.

 

Омирбай БОЖИМОВ, (Хўжайли тумани):

— Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармони юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканига яна бир яққол далил бўлди. 

Аввало, шу табаррук заминда туғилишнинг ўзи — катта бахт! Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш саодати қалбимизга қувончу фахр бағишлайди. Ҳаёт мисоли чархпалак экан. Қисмат ҳукмидан эса қочиб бўлмайди. Тақдир тақозосини қарангки, маълум давр узоқ ўлкада истиқомат қилишимга тўғри келди. Бироқ Ватандан азизроқ жой борми дунёда?! Мана, кўп йилдирки, яна ўз киндик қоним тўкилган юртимдаман. “Тахиатош иссиқлик энергияси станцияси” корхонаси — севимли иш жойим, аҳил меҳнат жамоам. Муҳандис-технолог сифатида жамиятга, давлатимизга нафим тегаётганидан мамнунман. 

Бугун бир ўғил ва бир қизим ҳеч кимдан кам бўлмай камол топмоқда. Тўй-маъракаларда эл орасидамиз. Шукрки, энди бахтимиз янада тўкис бўлди. Бунинг учун давлатимиздан, бағри кенг Президентимиздан умрбод миннатдорман. 

 

Раънохон ҲАМИДОВА,    (Янгиқўрғон тумани): 

— Наманган вилоятида таваллуд топганман. Қиз бола палахмон тоши, деганларидек, анча йил аввал қўшни давлатга келин бўлиб тушдим. Бир муддат ўша жойда истиқомат қилдик. Вақти-соати етиб, туғилиб-ўсган қишлоғимга қайтдик. Гарчи, барча қатори турмуш кечирсак-да, мамлакатнинг тўлақонли фуқароси эмаслигимдан дилим хижил бўлиб юрарди.

Мана, ниҳоят ниятим рўёбини топди. Президентимиз Фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган шахслар рўйхатида турмуш ўртоғим иккимизнинг исми шарифларимизни кўриб, кўзимиздан севинч ёшлари қалқди. Энди Ўзбекистоннинг чинакам фуқаросимиз. Шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдалана оламиз. Буни, таъбир жоиз бўлса, шу юртда туғилиб, ўсиб-улғайган ва унинг равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахслар манфаати тўлақонли таъминланаётгани исботи, дея баҳолаш мумкин.

Ҳозир тўрт нафар фарзандимиз билан Янгиқўрғон туманининг Мамай қишлоғида истиқомат қилаяпмиз. Фуқаролик мақомига эришиш билан турмушимиз, тақдиримиз янада бут бўлди. Бунинг учун қанча шукрона айтсак, кам. 

 

«Халқ сўзи» мухбирлари ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn