Оналик ва болалик муҳофазаси — сенаторлар муҳокамасида
  • 23 Декабрь 2016

Оналик ва болалик муҳофазаси — сенаторлар муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари ҳамда  Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари мажлиси бўлиб ўтди. Унда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро конвенциялар, миллий қонун ҳужжатлари талабларининг соғлиқни сақлаш тизимида бажарилишини ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама этилди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил қилинган тадбирда парламент аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, тадқиқотчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз Конституциясида белгиланган норма ва тамойиллар асосида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Бу борадаги қонунлар, давлат дастурлари  ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани ўз самарасини бераяпти.

Тадбирда якунига етаётган ушбу йилда оналик ва болалик ҳимоясини кучайтириш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини ривожлантириш, айни йўналишда қонунчиликни мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатлари амалий исботини топгани айтиб ўтилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ҳар томонлама соғлом фарзандлар туғилишининг муҳим омили сифатида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари диққат-эътиборда бўлди.

Иштирокчилар эришилган натижаларни қайд этган ҳолда, соҳада ечимини кутаётган масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Хусусан, чақалоқларга ва болаларга неонатал хирургия, кардиохирургия каби йўналишлар бўйича кўрсатиладиган махсус тиббий хизматлар сифатини ошириш, қишлоқ врачлик пунктлари ишини сифат босқичига олиб чиқиш, тиббиёт муассасалари учун акушер-гинеколог, анестезиолог ва реаниматолог, неонатолог каби тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш тизимини тобора ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. Қолаверса, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг соғлом турмуш кўникмаларини оширишга қаратилган амалий ишларни ҳам жадаллаштириш зарур.

— Олий Мажлис палаталарининг шу йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, аёлларнинг турмуш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, иш билан таъминлаш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш учун ҳар томонлама имконият яратиш, хотин-қизларнинг ижти-моий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ҳамда нуфузини ошириш бўйича давлат сиёсатини фаол давом эттириш энг муҳим вазифа сифатида белгилаб берилди, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси С. Абдикаримова. — Буни амалга оширишда биз, халқ вакиллари фаоллик кўрсатишимиз, қонун ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришимиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз замон талабидир. Бугунги тадбир айни масалада ўзаро фикр алмашиб, галдаги устувор вазифаларни аниқлаб олиш имконини берди.

Тадбир якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn