Миллий ахборот макони ва янги ташаббуслар
  • 23 Декабрь 2016

Миллий ахборот макони ва янги ташаббуслар

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш энг устувор вазифага айланишини алоҳида таъкидлади.

Бу борада белгилаб берилган чора-тадбирларнинг амалга ошиши давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини сифат босқичига олиб чиқиш баробарида, матбуот ва ахборот соҳасини ривожлантириш жараёнларига янгича суръат бахш этади, албатта.

Халқ билан мулоқотни ва инсон манфаатларини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда аҳамияти ғоятда муҳимдир. Пойтахтимизда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Олий Мажлис Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда ўтказилган тадбир айни шу мавзуга бағишланди.  Амалий мулоқот руҳида ўтган анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, журналистлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига, хусусан, ёшларга етказиш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда халқаро стандартларга мос ахборот майдонини яратиш, инновацион технологиялар асосида ўзаро ахборот алмашишнинг, мулоқотнинг янги шаклларини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратдилар. 

— Ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида шаффоф муносабатни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти, — дейди Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ижрочи директори ўринбосари Жамила Нуржанова. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши журналистлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. 

Тадбир иштирокчилари ОАВнинг демократик ислоҳотлардаги иштироки ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида қатор жамоат ташкилотлари ва нодавлат тузилмалар ҳамкорлигида пресс-клуб ташкил қилингани айни муддао бўлганини эътироф этдилар. Миллий ва халқаро экспертлар, журналистлар, халқаро кузатувчилар томонидан юқори баҳоланган, очиқ мулоқот майдонига айланган ушбу клуб фаолиятини доимий йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. Зеро, жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнини ОАВнинг фаол иштирокисиз тасаввур этиб  бўлмаганидек, инсон манфаатлари йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигига эришишда матбуот ва ахборот соҳаси имкониятларидан оқилона фойдаланиш ҳаётий заруратдир.

Ф. ИБРОҲИМОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn