Мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи куч
  • 22 Декабрь 2016

Мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи куч

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида агросаноат комплекси локомотиви, яъни ҳаракатга келтирувчи кучи бўлган кўп тармоқли фермер хўжаликларини изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратилишини алоҳида таъкидлади.

Миллий иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан равнақ топтириш ҳақида сўз борар экан, “Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари, ҳеч шубҳасиз, биз учун энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади” деди Президентимиз.

Яхши маълумки, мустақилликнинг илк йилларида собиқ тузумдан мерос қолган ночор ва заиф иқтисодиётни тиклаш, пахтачиликка асосланган аграр тармоқда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини йўлга қўйиш ва равнақ топтириш, пировардида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Бу борада мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиб, ернинг муносиб  эгалари — фермерларга қатор имтиёзлар берилди. Натижада ўтган қисқа даврда уларнинг иқтисодий салоҳияти сезиларли даражада юксалди. Бугунги кунда фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 — 92 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлашда, айниқса, қишлоқларда ҳаёт сифатини  ошириб,  чекка, олис ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашда мазкур субъектлар муҳим ўрин тутаяпти. 

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида ерга муносабат бутунлай ўзгарди. Илгари фақат пахтазор бўлган экин майдонлари қисқартирилиб, ғалла, сабзавот, полиз етиштириш, боғдорчиликни ривожлантиришга муҳим ва устувор вазифа сифатида ёндашилди. Мазкур йўналишдаги  изчил саъй-ҳаракатлар самарасини бугун бозорларимиздаги маъмурчиликда,  дастурхонимиз файзу баракасида яққол кўриб турибмиз. 

Аҳамиятлиси, фермерларимиз қишлоқ хўжалиги хом ашёсини етиштириш билан чекланиб қолмай, хўжалик қошида бир йўла бир нечта тармоқларни  очишга, истеъмол бозорига тайёр ва рақобатдош маҳсулотлар етказиш ҳамда экспортга чиқаришга интилмоқда.  Айниқса, улар бутун дунёда сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кескин ортган ҳозирги шароитда гўшт, сут ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватларини ташкил этаётгани диққатга сазовордир. Юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми қишлоқ жойларда яшашини инобатга олсак, фермерларимиз ушбу ҳудудларда наинки ишлаб чиқаришни, балки хизмат кўрсатиш соҳасини ҳам такомиллаштиришга ўз улушини қўшаётгани эътирофга лойиқ, албатта.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, иқтисодиётимиз таянчига айланган фермерлик ҳаракати давр билан ҳамоҳанг равишда тараққий этиб бораяпти. Фермерларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, социал-сиёсий ҳаётида олиб борилаётган дастурларда фаол иштирок этаётир. Ўз навбатида, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мулкдорлик ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилишга доир амалий ишлар кўламининг кенгайиши агросаноатни такомиллаштиришда асосий бўғин сифатида қаралаётган фермер хўжаликларининг ролини оширишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида хусусий мулкни янада ривожлантириш ва уни ҳимоя қилишга доир комплекс масалаларни ҳал этиш ҳукумат, давлат бошқаруви органлари ва барча даражадаги ҳокимликлар учун энг муҳим вазифа сифатида белгиланишига алоҳида урғу берди. Бундан, хусусан, қишлоқ мулкдорлари — фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, улар дуч келаётган турли ғов ва тўсиқларни, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ерга меҳр бериб, машаққатли меҳнат эвазига ризқ ундираётган бу инсонларга кўмакни аямаслик ҳаётий зарурат эканини англаш мумкин. 

Шу маънода, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам ушбу соҳада қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан парламент назоратини самарали олиб бориши тақозо этилмоқда. Қолаверса, жойларга чиқиб, омилкор фермерлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, уларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш, ўрганилган таклиф-мулоҳазаларни қонун ижодкорлиги жараёнида тўғри татбиқ этиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида фермерлик ҳаракати улушини янада ошириш учун ҳуқуқий омилларни мустаҳкамлаш устувор вазифамиз ҳисобланади. Зеро, фермерларимиз бойиса, халқимиз турмуш фаровонлиги янада юксалади. Президентимиз таъбири билан айтганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади. 

Баҳодир ТАЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси 

раиси ўринбосари. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn