Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли: Бунёдкорликнинг ёрқин намунаси
  • 22 Декабрь 2016

Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли: Бунёдкорликнинг ёрқин намунаси

Жорий йилда ишга туширилган  Ангрен — Поп электрлаштирилган янги темир йўл линияси ҳамда унинг доирасида қурилган Қамчиқ туннели бунёдкор халқимиз юксак салоҳиятининг ёрқин намуналаридан бири бўлди. Зеро, пойтахтимиздан водий вилоятлари бўйлаб поездлар қатнови йўлга қўйилиши нафақат аҳолининг темир йўл транспорти хизматидан фойдаланиш, балки  иқтисодиётимиз қудратини янада ошириш учун қўшимча имкониятлар эшигини очиб берди. Чунки ушбу лойиҳа туфайли ягона миллий темир йўл тизими яратилиб, Фарғона водийси республикамизнинг бошқа ҳудудлари билан боғланди. 

Эътиборлиси шундаки, мазкур йирик лойиҳа муддатидан тўрт ой олдин якунланди. Агар қурилиш объектида жами 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғилаш ишлари бажарилгани, қолаверса, 285 сунъий иншоот ва сув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километрни ташкил этувчи 13 та темир йўл кўприги ҳамда 6 та йўл ўтказгич, ҳар бирининг узунлиги 280 метрни ташкил этувчи иккита туннель туридаги -галерея барпо этилганини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг кўлами нечоғлик катта эканлиги янада яққол ойдинлашади.

Бундан ташқари, 4 та станция, шунча резъезд ва 2 та вокзал қуриб битказилди. Бунинг учун 600 дан кўпроқ қудратли техникалар жалб этилиб, 3 минг нафардан зиёд маҳаллий ҳамда минг нафардан ортиқ хитойлик қурувчилар фидокорона меҳнат қилишди. Пировардида янги темир йўл сифатли барпо этилиб, 1,5 минг кишининг бандлиги -таъминланди. 

Ушбу ноёб лойиҳа доирасида бажарилган ишларнинг халқаро меъёр ва стандартлар талабларига мувофиқлиги Германиянинг “DB International GmbH” компанияси мутахассисларининг доимий диққат марказида бўлди. Шу маънода, айтиш мумкинки, баланд тоғ қоялари орасида, кўл ва бир қанча сойлар устида бажарилган улкан бунёдкорлик иншоотлари темирйўлчиларимиз маҳорати тобора ошиб бораётганининг ёрқин ифодасига айланди. 

Яна бир аҳамиятли жиҳати, темир йўл қурилишида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилгани халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланди. 

Албатта, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлатимизнинг доимий қўллаб-қувватлаши, темирйўлчиларимиз ғайрат-шижоати маҳсули бўлган мўъжизавий темир йўл Ўзбекистонимиз номини дунёга кенгроқ танитиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Куни кеча “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан марказий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган медиатурда шу ҳақда сўз юритилди. Унинг иштирокчилари Тошкент — Андижон — Тошкент йўналиши бўйлаб барпо этилган инфратузилма объектлари, йўловчи ва юк ташиш поездларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

— Дарҳақиқат, Ангрен — Поп темир йўлининг қурилиши республикамизнинг транзит салоҳиятини ҳам юксалтирди, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Логистика, юк ва тижорат ишлари бошқармаси етакчи -мутахассиси Нурилло Аҳмедов. — Жумладан, ушбу йўналишда шу йилнинг 11 июлидан юк ташиш бошланган бўлса, бугунги кунгача 4 миллион тоннага яқин нефть, кўмир, минерал ўғитлар, қурилиш ва халқ истеъмоли моллари белгиланган манзилга етказилди. Қолаверса,  кейинги пайтларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига юкларини темир йўл транспорти орқали ташиш учун бир қатор имтиёзлар тақдим этилаяптики, бу ҳам иш кўламини оширишда муҳим омил бўлаётир. 

Қайд этганимиздек, поездда йўловчилар учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Айниқса, ўзимизда ишлаб чиқарилган вагонлар ҳар томонлама қулай ва шинам. 

— Набирам — Муҳаммадбобур Тошкент молия институтида ўқийди, — дейди Қўқон шаҳрилик йўловчи Юлдузхон Абдураҳмонова. — Ундан хабар олиш учун шу поездда пойтахтга келган эдим. Бугун эса уйга қайтаяпман. Бундай вагонда йўл юрган киши манзилга қандай етиб борганини ҳам билмай қолар экан. Шароитлар жудаям ажойиб. Айниқса, кузатувчиларнинг хушмуомалалигини айтмайсизми?! Улар биздан тез-тез ҳол-аҳвол сўраб туришибди. Йўл-йўлакай вагон ичига ўрнатилган телеэкран орқали концерт ёки фильм томоша қилиб кетиш мумкин. Қисқаси, бу ерда  йўловчи толиқмайди ҳам, -зерикмайди ҳам.   

Эндиликда водий аҳли нафақат пойтахтимиз, балки Бухоро, Урганч каби тарихий шаҳарларимизга, шунингдек, Москва шаҳрига ҳам шу ернинг ўзидан поезд орқали бориш имкониятига эга. Яъни “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Фарғона филиали бошлиғи Раҳматжон Зоҳидовнинг билдиришича, бугунги кунда мазкур йўналишларда мунтазам қатновлар  амалга оширилмоқда.  

Медиатур давомида журналистларга тармоқдаги қурилиш, электрлаштириш, юк ва йўловчи ташиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn