Юқори технологиялар, замонавий тармоқлар
  • 22 Декабрь 2016

Юқори технологиялар, замонавий тармоқлар

ҳудудлар саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда

Жорий йил давомида Фарғона вилоятида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастур асосида икки ярим мингга яқин лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бунга 642 млрд. сўмлик  ҳамда  10 миллион 341 минг АҚШ долларилик инвестиция жалб этилади, 24 мингтага яқин иш ўринлари яратилади. Мутахассисларнинг айтишича, ушбу лойиҳалар юқори технологияли тармоқларни ўзлаштириш, саноат салоҳиятини юксалтириш, ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, шунингдек, экспорт ҳажмини кўпайтириши билан аҳамиятлидир.

Ҳудуддаги корхоналар ички бозорни импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари билан тўлдириш баробарида, экспорт ҳажмини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Бунда Учкўприк туманида фаолият юритаётган “Меҳригиё” хусусий корхонаси фаолияти алоҳида диққатга сазовор. 

Гап шундаки, шифобахш ўсимликлардан дамлама ва чойлар, косметология соҳаси учун бойитилган ёғлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур корхона маҳсулотлари ташқи бозорда рақобатдош. Яқинда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазмада корхона маҳсулотлари юқори баҳолангани, жумладан, папайя чойи учун тадбир доирасида ташкил этилган танловда ғолибликка эришиб, олтин медалга лойиқ топилгани қувонарлидир.  

— Маҳсулотларимизнинг халқаро даражада  эътироф этилишида уларнинг табиийлиги, шифобахш хусусиятлари юқорилиги, айниқса, истеъмолга қулайлиги  муҳим омил бўлди, — дейди мазкур корхона иш бошқарувчиси Маъруфжон Қодиров. — Натижада чет эллик харидорлардан кўплаб буюртмалар олиб, экспорт қила бошладик. Бу ҳали бошланиши. Келгусида ҳамкорлар сафини кенгайтириб, экспорт ҳажмини муттасил ошириб бораверамиз. 

Азалдан  инсон саломатлигини мустаҳкамлашда доривор ўсимликлардан кенг фойдаланилган. Бу эса замонавий тиббиётда ҳам ўз исботини топганки, пировардида фитотерапия йил сайин тараққий этиб бораётир. “Меҳригиё” корхонаси жамоаси айни шу йўналишда изланиб, нафақат юртимиз табиатида учрайдиган, балки хориждан келтирилган наботот намуналарини парваришлашни йўлга қўйган. Улар асосида тайёрланган шифобахш неъматларга эса талаб тобора ортмоқда. Масалан, халқимиз орасида “қовун дарахти” номи билан машҳур бўлган папайя барги ва мевасидан чой ҳамда асалли дамламалар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, тропик ҳамда субтропик мамлакатлардан келтирилган юзлаб турдаги бута ва дарахтлар ҳам ўстирилиб, улардан фитомаҳсулотлар тайёрланаяпти.  

Таъкидлаш керакки, Фарғона вилояти мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудудларидан бирига айланмоқда. Бу ерда, айниқса, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, озиқ--овқат ва енгил саноат жадал ривожланаяпти. Ушбу тизим корхоналарида импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишида Маҳаллийлаштириш дастури муҳим аҳамият касб этаётир. 

Данғара туманидаги “Dangara Mega Cattle” масъулияти чекланган жамияти ушбу ҳужжатга мувофиқ тақдим этилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, бозордан мустаҳкам жой эгалламоқда.  

— Электр жиҳозлари тайёрлашга ихтисослаштирилган корхонамизда бундан  2 йил аввал  электр чойнаклари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди, — дейди мазкур жамият раҳбари Рашид Турсунов. — Ҳозирги пайтда маҳсулотларимиз қаторига электр плиталари ва дазмолларнинг ўнлаб турлари қўшилди. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида 600 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида кўплаб имтиёзлар берилаётгани янги лойиҳалар устида изланишга ундамоқда. Келгусида маҳсулотлар турини кўпайтириш, уларнинг экспортини йўлга қўйиш -ниятидамиз. 

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида Маҳаллийлаштириш дастури асосида 22 та лойиҳа амалга оширилиб, 26,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Буларнинг барчаси ички бозорни сифатли ва арзон товарлар билан тўлдириш, катта миқдорда валюта тежаш имконини бермоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn