Кенг имкониятлар, илғор ташаббуслар
  • 22 Декабрь 2016

Кенг имкониятлар, илғор ташаббуслар

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида, аввало, ички бозорда талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Натижада 2016 йилнинг тўққиз ойида дастур доирасида умумий қиймати 4091,7 миллиард сўмлик янги маҳсулотлар тайёрланиб, ўсиш суръати 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,5 баробарни, импорт ўрнини босиш самарадорлиги эса 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилгани эътиборга моликдир.

Ушбу дастур республикамизда иқтисодиётнинг барча йўналиши, хусусан, қурилиш материаллари саноати истиқболига кенг йўл очиб берди. Пировардида у жадал ривожланаётган тармоқлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллади. Мисол учун, илгари лок-бўёқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёж, асосан, импорт эвазига таъминланган бўлса, бугунги кунда чет эл маҳсулотларига эҳтиёж тобора камаймоқда. Сабаби оддий: юртимизда айни шу йўналишда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони кўпайиб, улар томонидан рақобатдош маҳсулотлар етказиб берилаётир. Тошкент шаҳридаги “Lok Bo‘yoq Servis” масъулияти чекланган жамияти ана шундай хўжалик юритувчи субъектлардан биридир. 

Мазкур корхона таъсисчиларининг айтишича, улар ҳам бизнес фаолиятини хориждан олиб келинган лок-бўёқ маҳсулотлари савдоси билан бошлашган. Қарашсаки, фойданинг катта қисми ишлаб чиқарувчига кетаяпти. Шундан сўнг кичикроқ цехни ижарага олиб, маҳсулот тайёрлашни ўзлаштиришга қарор қилинди. 

Мана, шунга ҳам ўн йилдан кўп вақт ўтибди. Ушбу давр корхона учун ривожланиш йиллари бўлди. Унинг фаолият кўлами кенгайиб, тайёрланаётган лок-бўёқларнинг тури 15 дан ортди. Масалан, бўёқ маҳсулотларининг асоси бўлган локни олайлик. Авваллари у бошқа корхоналардан олиб келингани боис ишлаб чиқариш жараёни етказиб берувчига боғланиб қолган эди. Корхона модернизация қилиниб, янги технологик ускуналар билан жиҳозлангач, бунга ҳожат қолмади. 

Ҳозирги пайтда корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилди. Буюртмачилар талабидан келиб чиққан ҳолда, лок-бўёқлар металл ва пластик идишларда қадоқланган ҳолда етказиб берилаётир. 

— Тармоқлараро кооперация алоқалари мустаҳкамланаётгани фаолиятимиз равнақида муҳим омил бўлмоқда, — дейди корхона раҳбари Ҳожиакбар Исмоилов. —  Чунки зарур хом ашёларни юртимиз корхоналаридан харид қилаяпмиз. Хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда ёғ-мой комбинатлари билан ҳамкорлик самараси ўлароқ, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган маҳсулотлар тайёрлаяпмиз. Шу боис буюртмачилар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Билдирилаётган ишончни оқлаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида изланишни асло сусайтирганимиз йўқ. 

Корхонанинг аҳил жамоаси маҳсулот турларини янада кўпайтириб, сифатини бундан-да яхшилаш пайидан бўлмоқда. Аниқроғи, келгусида жамият фаолиятини кенгайтириб, йўл белгилари ва металл қопламалар учун махсус бўёқлар тайёрлашни маҳаллийлаштириш саъй-ҳаракатлари бошланган. Бу эса импорт ҳажмини камайтириш, ички бозорни юқори сифатли ва ёрқин рангли бўёқлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

 

Саид РАҲМОНОВ,

 «Халқ сўзи»  мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn