Табиат муҳофазаси ва қонунчилик
  • 22 Декабрь 2016

Табиат муҳофазаси ва қонунчилик

Юртимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ер ости ва усти бойликларини муҳофаза этишга қаратилган қатор қонунлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилаётгани табиат ҳамда жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутмоқда. Шу маънода, ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб-ташвиқ қилиниши уларнинг изчил ижросини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган семинарда янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.

— Мазкур қонунларни аҳоли, шу жумладан, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларига кенг тушунтириш табиат муҳофазасида давлат ташкилотларининг келгуси фаолиятини такомиллаштириш, самарадорликни оширишда қўл келади, — дейди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Олимжон Қаҳҳоров. — Зеро, ушбу ҳужжатларни чуқур билиш ва уни ҳаётга тўғри татбиқ этиш жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун долзарб вазифа, ҳаётий заруратга айланиши лозим. 

6 боб, 51 моддадан иборат “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланишга доир ваколатлари мустаҳкамланган.

Ўзбекистон флорасида 4 минг 600 дан ортиқ турдаги ўсимликлар мавжуд бўлса, шундан 3 мингдан зиёди ёввойи ҳолда ўсувчи олий, 9 фоизи эндемик турга мансубдир. Ушбу ўсимликларнинг 324 та тури эндемик, камёб ёхуд йўқолиб кетиш хавфи остидалиги боис Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига -киритилган.

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун янада такомиллаштирилган. Яъни Қонун 28 та моддадан 53 тага кўпайтирилиб, алоҳида бобларга бўлинган. Унда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишнинг йўналишлари, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш бўйича асосий талаблар, уларнинг яшаш муҳити, ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартиби, турлари ҳамда усуллари белгилаб берилган. 

Семинарда табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, бу борада экологик назорат, ҳайвонот ва ўсимлик олами давлат кадастрини юритиш тартиб-таомиллари, биотехнология тадбирларини олиб бориш, жамоат экологик назорати юритишнинг ҳуқуқий механизмларига оид маърузалар тингланди. 

Р. ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn