Адолат устун бўлган юртда файзу барака бўлади
  • 21 Декабрь 2016

Адолат устун бўлган юртда файзу барака бўлади

Юртимизда халқ билан мулоқот қилиш, одамлар дарду ташвиши, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжини яқиндан билиш умуммиллий ҳаракатга айланаётгани ниҳоятда қувонарлидир. Табиийки, бу биз, депутатларнинг ҳам энг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Шу маънода, халқ вакиллари, энг аввало, одамлар манфаатларини кўзлаши, бошқача айтганда, халқнинг дарди билан яшамоғи айни заруратдир. Ўз навбатида, депутатларнинг халқ орасига кириб бориши қонунларда аҳолининг хоҳиш-иродаси тўла акс этишига ва пировардида уларнинг халқчил бўлишига замин яратади.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳам кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттиришга қаратилган ниҳоятда кўп қиррали, ўта муҳим устувор вазифалар илгари сурилди ҳамда уларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида, сиёсий партиялар ва депутатлик корпуси ҳам фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, ҳар қандай давлатнинг нечоғли ривож топганлиги халқининг фаровонлиги даражасига қараб белгиланади.
Президентимиз илгари сурган ғоялар, яъни халқ билан яқин бўлиш, унинг дардини эшитиш қанчалик зарурлигини бугунги кунда ҳар қандай инсон яхши тушунади. Ушбу ғояларни амалиётга изчиллик билан татбиқ этишда депутатлар ҳам фаоллик кўрсатиши кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бундан келиб чиқадиган долзарб вазифалар талайгина. Жумладан, бу борадаги қонунчиликни бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш, амалдаги қонунларнинг ижроси юзасидан самарали парламент назоратини йўлга қўйиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдаги ўрни ва таъсирини бевосита жойларга чиқиб, сайловчилар ҳамда электорат билан мулоқотлар ўтказиш орқали ўрганиш биз, халқ вакилларининг биринчи галдаги вазифаси, десак, айни ҳақиқат. Шу ўринда мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганлигини ҳам айтиш жоиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз нутқида халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат тамойилини ҳаётда кенг қарор топтиришни биринчи даражали вазифа сифатида қайд этиб, жамиятда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар эканлигига оид қонун талабларини амалда таъминлаш юзасидан қатъий чоралар кўриш зарурлигига барчамизнинг эътиборимизни қаратди.
Дарҳақиқат, шундагина жамиятда адолат қарор топади, одамлар рози бўлади. Бинобарин, азалдан инсонларнинг энг катта ва эзгу орзу-ниятлари, мақсадлари ҳаётда адолат ўрнатиш, адолат ҳукмронлигини жамият ва ўз ҳаётида кўриш, ҳақиқат тантанаси учун курашдан иборат бўлган. Адолат устун жойда иш юришади, юртда файзу барака, одамларда меҳр-оқибат -устуворлик касб этади.
Ушбу ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги билан боғлиқ фаолиятимизда мазкур масалага алоҳида ёндашамиз. Ана шунда биз ўз олдимизга қўйган улуғвор вазифа, яъни қонунларга асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш мақсадимизга эришамиз. Бинобарин, адолат ҳар қандай ҳуқуқий демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидандир.
Умуман олганда, демократик ҳамда инсонпарвар жамият қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, юртимиз иқтисодий салоҳиятини, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш биз амалга ошираётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳисобланади. Бунга, албатта, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали эришамиз. Бунда биз, халқ вакиллари ташаббускор бўлишимиз, алоҳида намуна кўрсатишимиз айни муддаодир.

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn