Қизилқум бағридаги жавоҳир
  • 21 Декабрь 2016

Қизилқум бағридаги жавоҳир

Юртимизнинг бетакрор табиати, гўзал ландшафтлари, пурвиқор тоғлари, бепоён чўллари, ноёб ўсимлик  ва  ҳайвонот  дунёси, кўп мингйиллик табиий  ёдгорликлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этмай қолмайди. Бу эса йилнинг тўрт фаслида ҳам ўзига хос бўлган экосаёҳатларни ташкил қилиш имконини беради. Айтайлик, сайёҳлар ёз ойларида сўлим табиат бағрига, тоғ ўрмонлари, табиий сув ҳавзалари, чўл бағрида пайдо бўлган кўллар, табиат ёдгорликларига жалб этилса, қиш фаслида дам олиш масканлари тоғ чанғиси ишқибозларини чорлайди.

Мамлакатимизда, 500 та кўл мавжуд. Улардан самарали фойдаланиш, экологик барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада бундай ҳудудлар экотизими тубдан яхшиланиб, ноёб турларнинг табиий кўпайиши учун қулай муҳит юзага келмоқда. Тузкон, Арнасой ва Айдаркўлдан таркиб топган “Айдар — Арнасой” кўллар тизими булар -орасида энг йириги ҳисобланади.
— Айдаркўлнинг пайдо бўлганидан буён кўп вақт ўтгани йўқ, — дейди Жиззах вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Анвар Қувондиқов. — 1969 йилгача унинг ўрни кичик-кичик шўр кўллардан иборат эди, холос. 1968-1969 йилларда ёғингарчиликнинг кўп бўлиши туфайли Сирдарё оқимининг бир қисми Чордара сув омбори ва Арнасой орқали Айдар ботиғига оқизилган.  Шу тариқа табиатнинг камёб ҳодисаси рўй беради: саҳро қўйнида улкан кўл ҳосил бўлади.
Айдаркўлнинг бир томони Шарқий Қизилқум чўли, яна бир тарафи Нурота тизма тоғлари билан туташиб кетган. Майдони 3702 квадрат километр, узунлиги 350 километрдан ортиқ. Кенглиги 40 километрга тенг. Ўртача чуқурлиги 10 — 12 метр, энг чуқур жойлари 26 — 30, ҳатто 45 метргача ҳам боради. Шу боис табиат ошуфталари унга “Қизилқум бағридаги жавоҳир” дея таъриф беришади. Кўлнинг қиммати шундаки, у Жиззах ва Навоий вилоятлари биохилмахиллигини асраш, ҳайвонот, наботот ва қушлар дунёсини сақлаш, уларнинг эмин-эркин кўпайиши учун қулай табиий муҳитни вужудга келтирган.
Кўллар тизими бугунги кунда Жиззах вилоятидаги Оқбулоқ, Сангзор дарёсининг Қийли ва Арнасойга қуйилаётган Марказий Мирзачўл ташламаси оқими ҳисобига тўйинади.
Бу ернинг ўсимлик дунёси ҳам ўзига хос бўлиб, наботот оламининг 300 тури, шу жумладан, сув ўтларининг 25 тури рўйхатга олинган. Кўллар қирғоқлари қуюқ тўқайзорлар билан қоплангани унга янада мафтункорлик бахш этиб турибди.
Тўқайлар ташқи омиллар ҳисобига ўзгарувчан хусусиятга эга. Яъни сув тошқини йилларида улар сув остида қолиши ёки кўл суви ортга чекинган пайтларда тўқай майдонлари қирғоқ томон силжишини кузатиш мумкин. Бу ерда учрайдиган -туронғил, шумтол, жийда, юлғун, тол, оқ ва қора жинғил, саксовул, шўражриқ, қамиш, янтоқ, ширинмия, илончирмовиқ, печак, жинжак, оқбош каби бута ва дарахтларнинг аксарияти шўрланган шароитда ўсишга мослашган.
“Айдар — Арнасой” кўллар тизими ноёб қушларни кўпайтиришда беқиёс аҳамиятга эга.  Масалан, юртимизда қушларнинг 463 тури учраса, шундан 280 тури Айдаркўл атрофида ин қуриб, полапон очади. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қушларнинг кўплиги, айниқса, қувонарлидир. Жингалак ва пушти сақоқуш, қорабузов, кичик оққўтон, вишилдоқ оққуш, олақанот шулар жумласидандир. Ҳовза экотизимини яхшилаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг -эндемик турларини сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг аҳамияти инобатга олиниб, 2008 йили “Айдар — Арнасой” кўллар тизимига Рамсар конвенция котибияти томонидан Халқаро муҳофаза этиладиган кўллар мақоми берилгани эътиборга моликдир.
Бу ернинг бой ўсимлик дунёси, ранг-баранг ҳайвонот олами табиат шайдоларини ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Сув бўйида мароқли ҳордиқ чиқариш эса кўлнинг туристик имкониятлари истиқболли эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан ушбу ҳудудда экотуризмни ривожлантириш учун 2,2 миллиард сўмлик бешта лойиҳа амалга оширилаётир. Унга кўра, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган 150 ўринли бешта маскан бунёд этилади. Балиқ овлаш, сув ҳавзаларига саёҳат, орнитологик туризм каби йўналишлар бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Замонавий кемпинглар ва миллий ўтовларда мазмунли ҳордиқ чиқариш, туя ва отда сайр қилиш, қимрон тайёрлаш жараёнига гувоҳ бўлиш ва унинг ажабтовур мазасини татиб кўриш сайёҳларда унутилмас таассурот қолдириши, табиий.
Бундан ташқари, вилоятда 2016 — 2019 йилларда умумий қиймати 15,4 миллиард сўмлик 32 та туризм иншооти бунёд этилиши кўзда тутилган. Ана шу изланишлар натижасида 205 та иш ўрни яратилади. Бу Жиззах вилоятини яқин йиллар ичида йирик сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардир. Зотан, экотуризмнинг -ривожи табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали ҳордиқ чиқаришга бўлган эстетик эҳтиёжларни қондирибгина қолмасдан, балки борлиқни борлигича асраб, уни келгуси авлодга безавол мерос қолдиришга мустаҳкам замин яратади.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn