Таъсирчан жамоатчилик назорати — бош мезон
  • 20 Декабрь 2016

Таъсирчан жамоатчилик назорати — бош мезон

Кўпни кўрган, бошига тушган оғир синовларни мардонавор енгиб, охирги йигирма беш йиллик ривожланиш даврида ҳаётий позицияси, турмуш маданияти сезиларли даражада юксалган халқимиз бугун энг олий саодат — тинчлик, озодлик ва барқарорлик эканини теран ҳис қилмоқда.

Дунёда кузатилаётган кескин ва таҳликали вазиятда мана шу неъматларни кўз қорачиғидек асраш, шу билан бирга, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишдек олижаноб мақсадлар йўлида чинакам якдилликни, бунёдкорлик салоҳиятини ҳамда мамлакат тақдирига дахлдорликни намоён этаётган юртдошларимизнинг бугун руҳи янада баланд. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқини катта қизиқиш билан кутиб олган ёшу кекса унда қамраб олинган долзарб масалалар ва устувор вазифалар билан -танишмоқда, муҳокама қилмоқда, халқ манфаати йўлида дадил қадам қўйилганини эътироф этаяпти.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг мазкур нутқи давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида изчиллик ҳамда янгиланишларни қарор топтириш, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга концептуал ҳужжатдир. Хусусан, унда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда маҳалла институти, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, эркин ва холис оммавий ахборот воситалари фаол ўрин эгаллашига ишонч билдирилган. “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” деган муҳим тамойилни амалга оширишда биз, аввало, ана шу ижтимоий институтларнинг куч ва имкониятларига таянамиз”, — деди давлатимиз раҳбари.
Чиндан ҳам, барча соҳада инсон манфаатлари устуворлигини кафолатлашда, қонун ҳужжатларининг тўлақонли ижро этилиши юзасидан жамоатчилик назорати механизми такомиллашувида демократик институтлар, айниқса, маҳалла бирламчи роль ўйнайди. Бинобарин, давлат ва жамиятда ижтимоий, маънавий соғлом муҳитнинг мустаҳкамлиги ушбу институт фаолиятига узвий боғлиқдир. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, миллий қадриятларимизга кўра, тўй-маърака, ҳашарларни бамаслаҳат ўтказиш каби анъаналар маҳалла ҳаётида ёрқин акс этади. Аслида бу эзгулик замирида, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари ва  манфаатларини ҳимоя қилишнинг маънавий негизлари мужассамдир. Мазкур халқчил институтнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштироки тобора кенгайиши айни зарурат ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда маҳаллаларни аниқ манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айлантириш ҳамда уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали олиб бориши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилган. Янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги сингари қатор қонунларнинг амалиётга татбиқ қилиниши маҳалла институтининг мавқеини янада оширди. Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб усули бўлган маҳалланинг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолияти тобора кенгайиб бораётгани ғоятда аҳамиятли жиҳатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида халқ ҳокимиятининг энг муҳим пойдевори сифатида жамоатчилик назорати институтини кучайтириш бўйича мамлакатимиз Конституциясининг 32-моддасида, шунингдек, тегишли қонунларда муҳрлаб қўйилган талабларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини қайд этди. “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларининг ходимлар штатларини кўпайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жамиятимиз ҳаётида уларнинг ўрни ва мавқеини янада ошириш бўйича қўшимча зарур чоралар кўрилишига урғу берилди. Булар, шак-шубҳасиз, ижтимоий адолат барқарорлигини, шахс, жамият ва давлат муносабатларида тенглик,  масъулият ва жавобгарлик бўлишини таъминлашда фуқаролик институтлари, жумладан, маҳалланинг имкониятини кенгайтиради.
Биз, парламент аъзолари халқ ичига кириб бориб, улар билан очиқ мулоқот ўрнатишимиз, жойлардаги муаммоларни, одамларнинг дарди, ўй-фикрлари ҳамда таклифларини ўрганишимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагига суянамиз. Зеро, мазкур институт билан ўзаро ҳамкорлик аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил рўёбга чиқариш каби устувор йўналишларда парламент ва жамоатчилик назоратининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 
Ишончимиз комилки, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида инсонпарварлик, адолат, демократик тамойиллар билан суғорилган ислоҳотлар яна бир юқори босқичга чиқади.


Гавҳар АЛИМОВА,
Олий Мажлис Сенати
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси
раисининг ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn